Шанҳай Ҳамкорлик Ташкилоти – Хитойнинг ҳам геосиёсий, ҳам иқтисодий, ҳам хавфсизлик манфаатларини ўзида бирлаштирган энг катта лойиҳаси. Дунёнинг иккинчи қудратига айланган Пекин АҚШ бошчилигидаги Ғарбга муқобил ўз клубини шакллантиришга эришди.

Сўнгги кунларда дунёнинг, айниқса, Ғарб давлатларининг нигоҳи Хитой Халқ Республикасида бўлди. Хитойдаги ёки унинг иштирокидаги ҳар қандай икки тарафлама, минтақавий ёки кўп тарафлама учрашувларни айниқса АҚШ алоҳида синчиковлик ва рашк билан кузатади. Сабаби оддий. Совуқ уруш тугаб, СССР қулагач, маълум муддат дунёда бир қутблилик ҳукм сурди. Вашингтоннинг айтгани айтган, дегани деган бўлди. Бу вақтда АҚШни тийиб турувчи, сўроққа тутувчи на давлат бўлмади, на халқаро ташкилот. Бироқ бу вазият у қадар кўп чўзилмади. 2000-йилларга келиб, АҚШнинг глобал ҳокимияти аста-секинлик билан, лекин сезиларли даражада қисқариб бошлади.

Айниқса, 2008-2009 йилларда юз берган молиявий-иқтисодий инқироз, Афғонистон ва Ироқдаги муваффақиятсизликлар фонида АҚШнинг глобал ҳокимияти торайиб бошлади. Ҳозир ҳам АҚШ дунёнинг энг катта иқтисодиёти ва ҳарбий қудрати. Масала шундаки, бугун АҚШ тезда заифлашмаяпти, балки бошқа давлатлар тезроқ ривожланмоқда ва шунинг ҳисобига АҚШнинг иқтисодий ва ҳарбий қудрат улуши торайиб бормоқда.

Хитой Халқ Республикаси – дунёда кўп қутблиликнинг энг марказий ижрочи давлати ҳисобланади. Расмий Пекин – бугун дунёнинг иккинчи иқтисодий ва ҳарбий қудрати ҳисобланади. Шу сабаб, Пекин иштирокидаги ҳар қандай халқаро форум – Ғарбнинг алоҳида эътиборида бўлади. Айниқса, АҚШ ҳокимиятида Трамп бўлган, Вашингтоннинг яқин қўшнилари, асосий иқтисодий ҳамкорлари ва анъанавий инттифоқчилари билан муносабатлари чуқур инқироз остида бўлган бугунги кунда расмий Пекиннинг ҳар қандай ташаббуси, лойиҳалари – дунё тартиботини ўзгартириш призмаси орқали қабул қилинади.

Шанҳай Ҳамкорлик Ташкилоти бугун у ёки бу шаклда 34 давлатни бирлаштиради. 10 давлат тўлақонли аъзо, яна 14 давлат диалог бўйича ҳамкорлар, 2 давлат кузатувчи мақомида ва яна 8 давлат кузатувчилик мақомини олиш учун ариза берган. Жами – 34 давлат. ШҲТга аъзо давлатларнинг умумий аҳолиси 3,5 миллиардни, яъни дунё аҳолисининг салкам ярмини ташкил қилади. ШҲТга аъзо давлатларнинг умумий иқтисодий салоҳияти – дунё ялпи ички маҳсулотининг чорак қисмидан кўпроғига тенг.

ШҲТ – хавфсизлик, иқтисодий, ижтимоий соҳаларда давлатлар тафаккури ва фикрлашини йўналтирувчи ташкилот ҳисобланади. ШҲТ – ҳарбий блок эмас, лекин давлатнинг сиёсатини белгилаб беришда муҳим клуб ролини ўйнамоқда.

Хитойда бўлаётган ШҲТ саммитида кўплаб муҳим воқеалар юз берди. Кейинги 7 йилда биринчи марта Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди ХХРга келди. Бугун АҚШнинг “иттифоқчиси” кўриладиган Ҳиндистон бош вазирининг Пекинга келиши бежиз эмас. Ҳиндистон Трампнинг 50 фоизлик божларидан қаттиқ норози. Моди Трампдан аразлаган. Шу сабаб у Си Жинпинг билан муносабатларни нормаллаштириш ҳаракатида. Лекин барибир ХХР ва Ҳиндистон ўртасидаги стратегик рақобат руҳияти сақланиб қолаверади.