Ўзбекистонда одамлар энг кўп квартира ва машина харидида алданишади. Эндиликда бу рўйхатга балиқ ва денгиз маҳсулотларидан тайёрланган таомлар ҳам қўшилди: денгиздан анча олисда жойлашган Ўзбекистон аҳолиси денгиз маҳсулотлари етказиб бериш билан чув туширилмоқда.

Бу мақсад учун ижтимоий тармоқларда, хусусан, Facebook ва Telegram’да ўнлаб канал ва гуруҳлар ташкил этилиб, иштаҳани очувчи рекламалар фаол жойлаштириб бориляпти. Шулардан бири Telegram’даги “Рыбка | Магазин Морепродуктов” канали ҳисобланади.

Ушбу каналда денгиз маҳсулотлари, балиқдан тайёрланган турли таомлар ва икралар рекламаси жойлаштириб борилмоқда. Бироқ бу маҳсулотлар шунчаки “хўрак”, харид қилмоқчи бўлганлар осонгина “қармоққа илинади” ва пулидан айрилади.

Kun.uz журналисти мижоз сифатида каналда кўрсатилган менежерга нархи 1 млн сўмлик балиқли ассорти буюртма қилиб кўрди. 

Олег исмли менежер аввалига улар тўловни тўлиқ амалга ошириш асосида ишлашини, агар маҳсулот ёқмаса тўланган пул қайтариб берилишини, буюртма билан бирга дўкондаги маҳсулотлар учун сифат сертификати ҳамда кафолат тақдим этилишини билдирди. Шу билан бир қаторда буюртмани амалга ошириш учун шахсий маълумотлар, хусусан, тўлиқ исм-фамилия (бу нега кераклиги тушунарсиз) сўралди.

Синглим шифохонада эди. Уни кўришга бормоқчи бўлдим ва ушбу каналдан 1,1 млн сўмлик балиқли ассорти буюртма қилдим. Ярим соатда етказиб берилишини маълум қилишди. Кута бошладим: 2 соат ўтди ҳамки, буюртмадан дарак йўқ. Менежерга буюртма қачон келиши ҳақида ёзгандим, дарҳол блоклаб қўйди”, дейди ушбу фирибгарларга чув тушган фуқаролардан бири.

Менежер тўловни амалга ошириш учун Фазлиддин Зиёдуллаев исмли шахс номидаги банк картасини тақдим қилган. Мижоз унга 1,1 млн сўм пул маблағини кўчирган. Бироқ буюртма қилинган балиқ келмаган, мижоз эса блоклаб қўйилган. 

Айни шу каби фаолият олиб борувчи “Рыбный экспресс” канали ҳам шубҳали.