Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Тимур Кападзе Эрон мағлуб этилган CAFA-2025 финалига муносабат билдирди. Унинг ўйиндан кейинги матбуот анжуманидаги фикрларини Tribuna.uz келтириб ўтди.

“Ҳаммани табриклайман. Осон ўйин бўлмади. Имкониятлар бўлди, аммо гол дарвозага ҳадеганда кирмади. Курашларга бой қийин ўйин бўлди. Худога шукур ютдик, раҳмат барчага”, – деди Кападзе.

Журналистлар ўйин асабий ўтгани, эронликлар ҳакамлардан норози эканини айтиб, ҳакамликка муносабат билдиришини сўради.

“Эрон ўзи қачон рози бўлган? Бу уларга хос нарса. Эпизодларни кўрмадим, VAR аралашди. Асосийси – ғалаба қозондик. Қолгани эса тарих”, – деди бош мураббий.

У Элдор Шомуродов пеналтидан фойдалана олмагани ҳақида гапираркан, Элдор тажрибали футболчи экани, “керакли пайтларда жамоани олдинга олиб чиқа олиши”ни айтди.

“Иккинчи бўлим бошида ёмон ўйнадик. Кераксиз хатолар қилдик. Кўрсатма бердим, экстра таймларда ишончли ҳаракат қилдик. Элдорни ҳам, Сергеевни ҳам яхши қўриқлашди. Аббос, балки гавда жиҳатдан кичкиналиги учун эътибор беришмагандир. Иккинчи бўлимда ҳам имкониятларимиз бўлди. Аммо гол уролмагач, футболчилар ҳам асабийлаша бошлашди”, – деди Тимур Кападзе.

Мураббий мусобақа давомида ротациялар қилиб боргани ҳақидаги саволга: “Ҳаммага имкон бердик, потенциалини кўрдик. Турнирда ўйинчиларни синаб олдик”, дея жавоб берди.

Кападзе жароҳат олган асосий дарвозабон Ўткир Юсупов МРТ қилиниши, ҳозир унда оғриқ борлигини айтиб, Ўткир тез орада сафга қайтишига умид билдирди.

Эрон жамоаси бош мураббийи Алиризо Фағони финал ўйинидан кейинги матбуот анжуманида иштирок этмади.

Фото: Ўзбекистон футбол ассоциацияси

Ўзбекистон миллий жамоаси яримҳимоячиси Отабек Шукуров ўйиндан кейин “Спорт” телеканалига берган интервюсида “ҳакамлар сабаб ғалаба татимагани”ни айтди