Мулоқотда Ўзбекистон ва Покистон ўртасида тўқимачилик соҳасидаги ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва истиқболлари, икки мамлакатда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, биргаликда амалга ошириладиган лойиҳалар юзасидан фикр алмашилди.
Покистон томони ҳамкорликнинг барча шаклларида – Ўзбекистонда кам қувватда ишлаётган корхоналарни бошқарувга олиш, қўшма корхона ташкил этиш ёки корхоналарни сотиб олиш орқали шерикчиликни йўлга қўйишга қизиқиш билдирди.
Икки мамлакат раҳбарларининг олий даражали мулоқоти чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш, янги истиқболли лойиҳаларни мувофиқлаштириш мақсадида жорий йил сентябр ойида APTMA раҳбарлигида Покистоннинг етакчи тўқимачилик компаниялари делегациясининг Ўзбекистонга амалий сафарини ташкил этиш бўйича келишиб олинди. Делегация таркибига Покистоннинг йирик компаниялари вакиллари киритилиши кутилмоқда.
Делегация аъзолари маҳаллий тўқимачилик корхоналарига ташриф буюриб, уларнинг фаолияти билан яқиндан танишиши ҳам кўзда тутилган.
APTMA бош котиби билан, шунингдек, икки мамлакат ҳудудида тўқимачилик соҳасида ташкил этиладиган турли кўргазмаларда нуфузли делегация ва миллий павилонлар билан қатнашишга ҳам келишиб олинди.














