Бутун шаҳар қотиллик бўлиши ҳақида олдиндан биларди, аммо ҳеч ким оғиз очмади. “Нега мен, бошқаларчи?” деб ҳамма масалани ўзидан узоқлаштирди. Айби бор-йўқлиги номаълум йигит омма олдида "самосуд" қилинди - қатл этилди. Лоқайдликка ботган жамиятда жиноят яширин эмас, ошкора содир бўлди ва барча гувоҳга айланди.

Ёзган асарининг бошидаёқ якунида нима бўлишини айтган адиблар бор. Масалан, жаноб Маркес. У доим шунақа қилади — “Ёлғизликнинг юз йили” дейсизми, “Бузрукнинг кузи” дейсизми — ҳаммаси шундай услубда. Бироқ Маркесга эътироз қила олмайсиз. Унда ҳуқуқ бор: чунки у ёзганини барибир якунигача ўқиб чиқишга китобхонни мажбур қилади.

Бугун “5 дақиқа”да Габриэл Гарсиа Маркеснинг “Ошкора қотиллик қиссаси” ҳақида гаплашамиз.

Габриэл Гарсиа Маркес – “Ошкора қотиллик қиссаси”

Маркес ХХ асрнинг энг машҳур ёзувчиларидан бири, Нобел мукофоти соҳиби. Халқаро даражада адабиётнинг юксак чўққисига чиқа олган ноёб адиблардан бири. Асарлари 40 дан зиёд тилга таржима қилинган, миллионлаб нусхада тарқалган.

“Ошкора қотиллик қиссаси” 1981 йилда нашр этилган. Ушбу асарнинг барча воқеалари бир одамнинг қатл жараёни атрофида кечади. Бироқ услуб шундайки, китобни ўқиган ҳар бир киши “бу фожиа бошқача тугаши мумкин эди” деган савол билан қолаверади.

Лоқайдлик – энг катта фожиа

Қиссада Сантяго Насар исмли йигит қатл этилади. Воқеа “ошкора” эди – бутун шаҳар била туриб ҳам бу жиноятнинг олди олинмади. Ака-ука Педро ва Пабло ўз сингиллари Анжеланинг шарафини тиклаш учун Сантягога қасд қилишади. Улар ниятларини яширишмайди, ҳатто одамларга очиқ-ойдин айтиб юришади. Лекин барчада “мен эмас, бошқалар тўхтатиб қолар” деган фикр бор эди.

Мана шу пассивлик ва бефарқлик бутун китобнинг марказий саволини кўтаради: жамият қай даражада жавобгар?

Сантяго Насар – айбдорми ёки қурбонми?

Асарнинг энг оғир ва баҳсли нуқтаси – Сантягога қўйилган айб. У ҳақиқатан ҳам Анжела Викарионинг номусига текканми? Қиз акаларининг босими остида “Сантяго Насар” деган исмни тилга олади. У рост айтдими ёки ўзи учун “қутқарувчи исм” топдими, бу ноаниқ.

Асарда Сантягонинг айбига оид ҳеч қандай аниқ далил келтирилмайди. Суд жараёнида ҳам гувоҳлар гапи бир-бирига зид. Баъзилар унинг умуман бундай ишга қодир эмаслигини айтади.