Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қўрқув давлат сиёсатига айланганди - чекланмаган ҳокимият фожиаси
Бу халқ ҳокимиятдан мўъжиза кутишда давом этарди, бироқ вазият ўша-ўша эди. Етакчининг вафоти ҳам ечим бўлмади. Чунки бутун тизим зарарланиб бўлганди, одамлар бошқача яшашни билмасди. “5 дақиқа”нинг ушбу сонида Габриэл Гарсиа Маркеснинг “Бузрукнинг кузи” романи орқали диктатуранинг тузатиб бўлмас оқибатлари, миллат ва давлат фожиаси ҳақида гаплашамиз.
Асар бошида халқ диктаторнинг ўлик танасини саройдан топади. Ундан ҳид келади, ғамгин қушлар қаср ичида учиб юради, деворлар нураб бошлаган. Бу манзара фақат жисмоний ўлим эмас, балки бутун тизимнинг маънавий ҳалокатига ишора қиларди. Аммо шу ўлим билан асар тугамайди, аксинча, мана шу нуқтадан воқеалар бошланади.
Диктаторнинг ҳаёти орқага қайтиб, бўлак-бўлак ҳолда кўз олдингизда гавдаланади. Унинг болалиги, ҳокимиятга келиши, мутлақ кучни қўлга олиши ва йиллар давомида халқни қўрқув орқали бошқариши бир-бирига уланган эпизодлар сифатида берилади. Маркес вақтни бузади: кеча, бугун ва эрта орасида аниқ чегара йўқолади. Бу усул тасодифий эмас - диктатурада ҳам вақт йўқолади, чунки барча нарса бир одамнинг иродасига боғланиб қолади.
Воқеалар давомида диктатор образи аниқ шахсдан кўра, умумлашган тимсолга айланади. У бир вақтнинг ўзида меҳрибон ўғилдек онасига боғланган, лекин миллионлаб одамлар тақдири билан бемалол ўйнайдиган золим сифатида намоён бўлади. Она - асарнинг муҳим нуқталаридан бири. У диктатор учун муқаддас, ҳатто давлатдан ҳам устун. Онаси тирик вақтида у ҳали ҳам инсонга ўхшайди, унинг ўлими эса диктаторни бутунлай ёлғиз қолдиради.
Давлатни хусусийлаштириб олади
Асарда ҳокимиятнинг ташқи кўриниши ҳам, ички механизми ҳам босқичма-босқич очиб берилади. Диктатор сайловларни сохталаштиради, рақибларни йўқ қилади, вазирларни ўз хоҳишига кўра алмаштиради. У бутун бир денгизни чет элликларга сотиб юборади - бу воқеа мутлақ ҳокимият одамни қандай ақлдан оздиришини кўрсатади. Давлат энди халқники эмас, балки бир одамнинг хусусий мулкига айланиб қолганди.
Воқеалар чуқурлашгани сари, диктаторнинг яккалиги кучаяди. Атрофида минглаб хизматкорлар, ҳарбийлар, амалдорлар бор, лекин ишонч йўқ. У ҳаммага, ҳатто ўз фарзандларига ҳам шубҳа билан қарай бошлайди. Асарда унинг кўплаб фарзандлари борлиги айтилса-да, уларнинг тақдири деярли номаълум, исмсиз, руҳсиз тасвирланади.
Роман давомида халқ образи ҳам ўзгариб боради. Бошида қўрққан, сўзсиз итоат этган омма кейинчалик чарчаган, умидсиз ҳолатга келади. Аммо улар ҳам диктаторсиз яшашни билмайди. Унинг ўлими ҳақида хабар тарқалганда, халқ ишонмайди. Чунки у аввал ҳам бир неча бор “ўлган”, лекин яна қайтиб келган.
У жамиятда лавозим, садоқат сотиларди
Асарда қўрқувга алоҳида урғу берилади. Бироқ қўрқув бу ерда ҳиссиёт эмас, балки давлат сиёсатига айланиб улгурган эди. Одамлар бир-биридан қўрқарди. Натижада ҳеч кимга ишониб бўлмасди. Парчаланган жамиятни эса бошқариш осон бўлади.
Яқинларга мансаб бериш - бу тизимда одатий ҳолатга айланади. Лавозим билим ёки тажриба учун эмас, садоқат учун берилади. Шу йўл билан сарой атрофидаги одамлар ўз хавфсизлигини сотиб олади. Жамият эса бунга кўникиб боради. Инсонлар меҳнат билан эмас, таниш-билиш билан юқорига чиқаётганини кўрган халқ секин-аста талаб қилишдан воз кечади.
Диктаторнинг жисмоний ва руҳий емирилиши чуқурлашиб бораверади. У қарийди, хотираси заифлашади, воқелик билан хаёлни ажрата олмай қолади. Қаср ҳам у билан бирга тўкилиб боради. Аммо ҳукуматдан кетиш ҳақида ўйламайди, халқни ҳам, давлатни ҳам никоҳига олгандек яшайверади.
Бузруклар келаверади...
Якунда диктатор ҳақиқатан ҳам ўладими-қоладими, бу муҳим эмас. Лекин бу асар сизнинг “Бир золим кетса, ҳаммаси тугайди” деган тасаввурларингизни парчалаб ташлайди. Чунки халқ ўзини таниб олмаса, ҳар ким адолатни ўзидан бошламаса, тепага бузруклар келиши учун ҳамиша йўл очиқ қолаверади.
Мавзуга оид
20:10 / 31.01.2026
У жинояти учун эмас, рост гапиргани сабабли қатл қилинди - “Бегона”
19:50 / 24.01.2026
Ҳукмдорларни ортидан эргаштирган инсон қиссаси
12:14 / 17.01.2026
Дунёнинг ишлари тугамайди — унутилган вақт, кечирилмаган инсон қиссаси
12:14 / 10.01.2026