14 сентябрга ўтар кечаси АҚШнинг Невада штати, Лас-Вегас шаҳридаги турнирда америкалик Теренс Кроуфорд иккинчи ўрта вазн тоифасида (-76,2 кг) мутлақ жаҳон чемпионлиги учун мексикалик Саул «Канело» Алварес билан рингга чиқди.

Жанг якунида ҳакамлар қарорига кўра Теренс ғалабани қўлга киритди ва супер ўрта вазн тоифасида жаҳон чемпионига айланди. 12 раунддан кейин ҳакамлар 115:113, 115:113, 116:112 ҳисобини қайд этишди.

Кроуфорд учун бу вазн тоифасидаги биринчи жанг эди, у бу жанг учун қарийб 10 кг вазн қўшганди, лекин бу унга жиддий муаммо туғдирмади.

Энди тарихий рекорд ўрнатди замонавий бокс тарихида Теренсдан олдин ҳеч ким эркаклар ўртасида учта дивизионда мутлақ жаҳон чемпиони бўла олмаган.

Бу Кроуфорд чемпионликка эришган 5-вазн тоифаси. У бундан аввал енгил, биринчи ярим ўрта, ярим ўрта ва биринчи ўрта вазн дивизионларида чемпион бўлган. Ярим ўрта ва биринчи ярим ўрта вазн тоифасида эса Теренс мутлақ чемпионга айланган.

37 ёшли Кроуфорд ҳамон енгилмас бўлиб қолмоқда, у фаолиятидаги 42 жангнинг барчасида ғалаба қозонган. Унинг охирги 20 жанги чемпионлик жанги бўлмоқда. 

35 ёшли Алварес эса учинчи бор мағлубиятга учради. Унинг ҳисобида 63 ғалаба ва икки дуранг ҳам бор. Унинг учун бу жанг ўз дивизионида бешинчи бор мултақ жаҳон чемпионлик титули ҳимояси эди.