Доналд Трампнинг радикал савдо сиёсати, бюджет танқислиги ва АҚШ Марказий банки – Федерал резерв мустақиллигига таҳдид солинаётгани фонида доллар жиддий заифлашиши мумкин. Жорий йил бошидан бери АҚШ валютаси ўз савдо вазнини 7 фоизга камайтирди, бу 1973 йилдан бери қайд этилган энг ёмон кўрсаткич.
The Economist’нинг ёзишича, Хитой раҳбарияти юқоридаги ҳолатдан катта имконият сифатида фoйдаланмоқчи. Юан Трампнинг қайта президентликка келганидан кейин ўзининг энг юқори даражасига етган. Ташқи инвесторларда ҳам Хитой валютасига нисбатан қизиқиш ошиб боряпти. Кўплаб ҳукуматлар долларга алтернатив излашни бошлашган.
Хитойнинг юанни халқаро миқёсда оммалаштириш истаги ҳам янгилик эмас. Мамлакат бунга илк бор 2009 йилда уриниб кўрган ва капитал назоратларини қисман юмшатганди. Аммо 2015 йилдаги фонд бозори инқирози ва валюта қадрсизланишидан сўнг, пул оқими мамлакатдан чиқиб кетди. Шундан сўнг қатъий капитал назорати жорий қилинди ва юаннинг ўсиши тўхтатилди. Бу сафар расмий Пекин эришилган ютуқ мустаҳкам бўлиши ва капитал оқимлари устидан қатъий назорат сақланишини таъминламоқчи.
Хитой етакчилари халқаро миқёсда тан олинган юан мамлакатдаги экспортчиларни доллар қийматининг тебранишларидан ҳимоя қилади, деб ҳисоблашади. Бундан ташқари, бу АҚШ молиявий санкцияларининг таъсирини камайтириши ҳам мумкин. Баъзи расмийлар хорижий компаниялар ва инвесторлар давлатнинг қатъий назоратини эътиборсиз қолдиришига ҳамда буни устунлик деб ҳам кўришига умид қиляпти. Сўнгги йилларда Хитой жуда муваффақиятли ишларни амалга оширди. Юаннинг халқаро ҳисоб-китоблардаги улуши ошди, доллар тизимига альтернатив молиявий инфратузилма яратилди.
Хитой нималарга эришди?
Ҳар қандай мезон бўйича олинса ҳам, юан ҳали кучли «обрў»га эга эмас. Хитойнинг дунё иқтисодиётидаги улуши қарийб 20 фоиини ташкил этса-да, юаннинг халқаро тўловлардаги улуши атиги 4 фоиз. Долларда бу кўрсаткич 50 фоиз. Марказий банклар захираларида юан фақат 2 фоизни улушга эга. Доллар эса 58 фоиз. Бундай катта тафовутнинг асосий сабаби – Хитойдаги пул оқими устидан сақланаётган қатъий назорат. Кўплаб иқтисодчилар ҳозирги ҳолатда юанни халқаро валютага айлантириш деярли имконсиз, деб ҳисоблашади.
Қайд этиш лозимки, АҚШ дунёдаги энг катта иқтисодиётга айлангандан кейин ҳам долларнинг устунлигини таъминлаш учун ўнлаб йиллар ҳаракат қилган. Шу жиҳатдан қаралса, Хитой жуда тез ривожланяпти. Юаннинг халқаро тўловлардаги улуши 2022 йилдан бери икки баравар ошди. Бу асосан ички сиёсатдаги ўзгаришлар туфайли юз берди. Хитой ўзининг товар ва хизматлар савдосида юандан кўпроқ фойдаланишни бошлади — ҳозирда бу кўрсаткич 30 фоиздан ошган (2019 йилда 14 фоиз эди). Пекин барча трансчегаравий тушумларининг (молиявий оқимлар ҳам киради) 50 фоизидан кўпроғини юан орқали амалга оширади — бу кўрсаткич 2010 йилда атиги 1 фоиз бўлган.











