Марказий банк 20 августдаги хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан расмий курсини эълон қилди. Унга кўра, 1 АҚШ доллари 25,52 сўмга арзонлаб, 11 794,88 сўм этиб белгиланди. Бу 2023 йилнинг 10 август кунидан бери (11 667 сўм) қайд этилган минимал қиймат.

Умуман олганда, доллар курси кетма-кет бешинчи савдо куни сўмга нисбатан пасайиб, деярли 153,7 сўмга (1,28 фоиз) - 11 948 сўмдан 11 794 сўмга арзонлашди. Кун давомида битта банкда Америка валютасини 11 860 сўмдан, яна 3 та банкда эса 11 870 сўмдан сотиб олиш мумкин бўлди.

Сўмнинг кучайиши кўп жиҳатдан ички ва Ўзбекистонга хос омиллар билан боғлиқ бўлиши мумкин. Экспорт даромадларининг ўсиши, олтин экспорти даромадларининг стерилизацияси ва мигрантлар пул ўтказмалари ҳажмининг ошиши шулар қаторига киради.