Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Вилоятлар ўртасида ҳам тўғридан тўғри авиақатновлар йўлга қўйилиши мумкин
Айни пайтда Ўзбекистоннинг йирик шаҳарларидан фақат Тошкентга авиақатнов бор. Масалан, Урганчдан Фарғонага ёки Самарқанддан Нукусга тўғридан тўғри рейс йўқ. Туристлар оқимини кўпайтириш стратегияси доирасида Қорақалпоғистон ва вилоятлар ўртасида ҳам тўғридан тўғри авиапарвозларни йўлга қўйиш режалаштириляпти.
Стратегик ислоҳотлар агентлигида «Reformatics» консалтинг компанияси раҳбари Ника Гилаури билан учрашув бўлиб ўтди, дея хабар берди агентлик ахборот хизмати.
Мазкур компания билан ҳамкорликда Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш бўйича 2040 йилгача мўлжалланган стратегия устида иш олиб бориляпти. Шу мақсадда экспертлар томонидан мамлакатдаги меҳмонхоналар ва туроператорлар ҳолати, транспорт инфратузилмаси, виза масалалари, ҳар бир ҳудуддаги сайёҳлик салоҳияти, хизмат кўрсатиш мажмуалари ўрганилган.
«Ўтган йили мамлакатимизга 10 миллиондан ортиқ хорижий турист келган. Лекин кўплаб тарихий обидалар, хушманзара жойлар, маданий ва гастрономик имкониятларга нисбатан бу кам. Шу боис хорижий туристлар сонини йилига 20 миллион нафарга етказиш ҳамда юқори даромадли сайёҳларни жалб этиш мақсад қилинмоқда.
Консалтинг компанияси бунга эришиш учун бир қатор тавсияларни билдирган. Улар 5 та устувор йўналиш – маданият ва тарих, гастрономия, Luxary туризм, кўнгилочар туризм ҳамда инновацион туризмни ривожлантиришга қаратилган. Бу, ўз навбатида, янги туристик маҳсулотларни яратиш, хизмат кўрсатиш сифатини кескин ошириш, соҳага инвестицияларни жалб қилиш, самарали маркетинг кампаниялари орқали мамлакатни халқаро майдонда кенгроқ танитиш каби комплекс чора-тадбирларни талаб этади», дейилади хабарда.
Стратегик ислоҳотлар агентлиги директори туристларни жалб қилишда биринчи омил бўлган транспорт соҳасида қулайликларни ошириш, халқаро қатновларни кўпайтириш муҳимлигини таъкидлаган. Айниқса, мамлакат ҳудудлари ўртасида фақат Тошкент орқали эмас, тўғридан тўғри авиапарвозларни ҳам йўлга қўйиб, ички туризмни ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.
Шунга мувофиқ, «Reformatics» консалтинг компанияси мутахассисларининг ҳар бир ҳудудга ташрифини ташкил этиб, мутасаддилар билан бирга қўшимча имкониятларни ўрганишга келишиб олинди. Бу орқали ҳудудий салоҳиятдан тўла фойдаланиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.
Мавзуга оид
17:55 / 18.04.2025
Евроиттифоқ Россия авиакомпаниялари учун ўз осмонини очишдан бош тортди
19:47 / 07.07.2023
Ўзбекистон Москва ва Санкт-Петербургга парвозлар сонини икки баробарга оширишни таклиф қилди
18:27 / 28.03.2023
Тошкентдан Токиога авиақатновлар қайта тикланади
21:22 / 07.02.2023