Энди эса барча керакли маълумотлар битта экранда, кўзга яққол ташланадиган блокларда ва таҳлилий кўрсаткичлар билан iHamkor платформасидаги янгиланган карточкада жамланган.
Ҳисоботдан таҳлилгача
iHamkor платформасида янги восита пайдо бўлди: у контрагентларни текшириш ва компанияларни таҳлил қилишга ёндашувни ўзгартириши мумкин. Энди одатий “реестр” жадвали ўрнига фойдаланувчилар визуализация, коэффициентлар ва қисқа хулосалари бўлган тўлиқ бизнес-диагностикани қўлга киритади.
Яқин-яқингача iHamkor’даги компания карточкаси қуруқ рақамлар тўпламига ўхшарди: баланслар, ҳисоботлар — ҳаммаси фақат сонлардан иборат эди. Буни тушуниш фақат мутахассисларгагина осон эди. Энди эса формат ўзгарди: маълумотлар таҳлилий изоҳлар билан бирга берилади, асосий кўрсаткичлар ранг ва иконкалар орқали ажратиб кўрсатилган, жадвалнинг ўзи эса анча тушунарли бўлди.
Энди ҳар бир компаниянинг барқарорлик рейтинги ва кредит профили бор. Шу орқали молиявий аҳволни бир қарашда тушуниб олиш мумкин.
— Мен ҳар куни ишлатиш мумкин бўлган восита яратишни мақсад қилгандим. Ҳозир у шундай шакл олди, деб ўйлайман. Биз iHamkor’да компания карточкасининг янги кўринишини ишга туширдик. Бу оддий “редизайн” эмас. Бу — реестрдан тушунишга ўтиш. Рақамлар йиғиндисидан аниқ хулосаларга келиш, — дея ўз фикрларини бўлишди Венкон компаниялар гуруҳи асосчиси ва раҳбари Асқар Исмоилов ўзининг LinkedIn саҳифасида.
iHamkor карточкасидаги янгиликлар нимадан иборат?
• Судлар ва ижро ишларида иштироки — ишлар сони, компаниянинг роли, ундирув суммалари.
• Давлат харидлари — тендерлардаги иштирок, шартномалар, буюртмачилар ва буюртмалар ҳажми.
• Молия — нафақат тушум ва фойда, балки уларнинг динамикаси, рентабеллик коэффициентлари ва соҳа бўйича таққослаш.
• Солиқлар — тўлов тарихи, ўзгаришлар ва ҳудуд ёки мамлакат рейтингидаги ўрни.
• Активлар — қоплаш коэффициентлари, молиявий мустақиллик, RОА, тушум ўсиши.
• Барқарорлик рейтинги ва унинг батафсил шарҳи.













