Самарқандда илк бор ўтказилган “Майиз сайли” фестивали Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида янги босқични бошлади. Энди “Самарқанд майизи” нафақат маҳаллий маҳсулот, балки халқаро стандартга эга миллий бренд сифатида рўйхатдан ўтди.
Тадбир Самарқанд вилояти ҳокимлиги, “Халқ банки” ҳамда “Қўшработ – Агро Стар” МЧЖ ҳамкорлигида ташкил этилди.
Фестивалнинг асосий мақсади – мамлакатимизнинг майизчилик соҳасидаги имкониятларини кенг тарғиб этиш, экспорт салоҳиятини ошириш ва майиз етиштирувчилар, қайта ишловчилар ва экспортчилар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат.
Айни пайтда Ўзбекистонда 181 минг гектар токзор мавжуд бўлиб, шундан 55 минг гектари Самарқанд вилояти ҳиссасига тўғри келади. Вилоятдаги 44,5 минг гектар майдонда майизбоп узум навлари парваришланмоқда.

Қўшработ туманида эса 7 минг гектардан зиёд майдонда майизбоп узум етиштирилади.
Тадбирда фермерлар, деҳқонлар, хусусий сектор ва давлат идоралари вакиллари, халқаро мутахассислар қатнашди.
Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев вилоятда узумчиликни ривожлантириш, янги навларни яратиш ва илғор технологияларни жорий этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Бобоевга кўра, ҳудудларда узумчилик соҳаси изчил ривожланиб бормоқда. Ҳар бир туманнинг иқлим ва тупроқ шароитига мос янги токзорлар барпо этилмоқда, замонавий - инвитро усулида кўчатлар яратиляпти. Қўшработда “Аватар”, “Гигант” (“Сирлибой”) каби навлар кенгайтирилмоқда. Ҳосилдорлик ва сифат даражасини ошириш учун узумзорлар шпалерга кўтарилмоқда, сувни тежаш мақсадида томчилатиб суғориш тизими жорий этилмоқда. Асосий мақсад – майизбоп узум етиштириш, уларни сифатли қуритиш, сақлаш, қайта ишлаш ва экспорт орқали юқори даромадга эришиш. Бунинг учун илм, тажриба ва инновация муҳим аҳамият касб этади.

“Халқ банки” Инвестиция фаолияти ва давлат дастурларини мувофиқлаштириш департаменти директори ўринбосари Шерзод Сувонқуловнинг айтишича, 2025 йил 14 февралдаги “Uzagrostar xolding” компанияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Президент қарори майизчилик соҳаси ривожини янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этмоқда.








