Инсоният тарихида янги давр бошланди – бу глобал боғлиқликлар даври. Бундан кейин хавфсизликни таъминлаш, ривожланиш ва рақобатдош бўлиш учун катта ҳамжамиятлар шакллантира олиш, кучларни бирлаштириш ва қудрат ярата олиш – ҳал қилувчи омил бўлади.
7 октябр куни Озарбойжоннинг Габала шаҳрида Туркий Давлатлар Ташкилотининг 12-саммити бўлиб ўтди. Унда, ташкилотга аъзо Ўзбекистон, Озарбойжон, Туркия, Қозоғистон ва Қирғизистон президентлари ҳамда кузатувчи давлатлар ҳисобланмиш Туркманистон Халқ Маслаҳати раиси, собиқ президент Бердимуҳаммедов ҳамда Венгрия бош вазири Виктор Орбан иштирок этди.
Саммитнинг номи “Минтақавий тинчлик ва хавфсизлик” деб номланди. Бундай номланиш минтақадаги беқарорлик ва геосиёсий зўриқишларга ишора эди. ТДТ раислиги Қирзиғистондан Озарбойжонга ўтди. Келаси саммит Туркияда бўлиб ўтиши, норасмий саммит эса Қозоғистонда режалангани билдирилди.
Шу ўринда ҳар қандай оддий ўзбекистонликда “нега бу каби ташкилот керак?” деган оддий савол туғилиши табиий.
Инсоният тарихида янги давр бошланди – бу глобал боғлиқликлар даври. Бундан кейин хавфсизликни таъминлаш, ривожланиш ва рақобатдош бўлиш учун катта ҳамжамиятлар шакллантира олиш, кучларни бирлаштириш ва қудрат ярата олиш – ҳал қилувчи параметр ҳисобланади. Бирлашув учун энг кучли ва табиий платформа эса бу ўзликлар ҳисобланади. Ўзликлар – муштарак тил, тарихий боғлиқлик, диний бирлик ёки яқинлик кабилар орқали шаклланади.
Мисол учун, замонавий дунёда тили, дини, тарихий яқинлиги асосида шаклланган бир қанча ҳамжамиятларни келтириш мумкин. Англасаксонлар: АҚШ, Бирлашган Қироллик, Канада, Австралия ва Янги Зеландия – буларнинг бари инглиз тилида гаплашади, протестант мазҳабига эътиқод қилади. Гарчи англасаксонлар ўртасида битта кучли халқаро ташкилот тузилмаган бўлса-да, бу давлатларнинг икки тарафлама ва кўп тарафлама ҳамкорлиги жуда юқори даражада. Булар – жуда кучли ва табиий иттифоқчилар.
Ёки, испан тилли давлатлар. Жанубий ва Марказий Америкада бир қанча испан тилли давлатлар мавжуд бўлиб, бу давлатларнинг тарихий маркази – Испания. Бу давлатлар ўзаро муштараклик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун “Испанидад” ташкилотини ҳам тузишган. Француз тилида гаплашувчи жамиятлар эса “Франкофония”га бирлашган. Португал тилида гаплашадиган давлатлар ўртасида ҳам норасмий жуда кучли ҳамкорлик ва иттифоқчилик лойиҳалари жуда кучли.
Хўш, англасаксонлар, испан ёки португал тилли давлатлар алоҳида халқаро ташкилот тузмасдан, ўзаро ҳамкорликни юқори даражада амалга ошириб келяпти экан, нега туркий давлатлар ўзаро ҳамкорлик учун ташкилот тузишди? Бу нима учун керак эди? Бунинг сабаблари бир қанча.







