Шу пайтга қадар бу икки қўшни давлат ўртасидаги алоқалар стратегик шериклик даражасида эди. Энди расмий Тошкент ва Бишкек – иттифоқчи давлатлар ҳисобланишади.
Иттифоқчилик ўзи нима беради, иттифоқчилик муносабатлари замирида нималар туради? Совуқ уруш тугаган 1990 йиллар бошида таниқли америкалик сиёсатшунос Сэмюэл Ҳантингтон ўзининг “Цивилизациялар тўқнашуви” китобида: “Мафкуралар даври тугади, энди ўзликлар асосидаги ҳалқаро муносабатлар даври бошланаяпти” деган эди. Бу фикр маълум асосларга эга экани кузатилмоқда. Бугун дунёдаги энг кучли алянслар, иттифоқлар ёки энг катта халқаро тирашувлар ҳам яқин ёки айни ўзликлар атрофида кечаётганини кўриш мумкин.
Инсоният тарихида локализм даври тугади, глобаллашув даври бошланди. Глобаллашув даврида инсоният ягона ахборот майдонида бўлади, ҳамманинг ҳаммага таъсири ортиб боради. Мана шу даврда яшаб қолишнинг муҳим шартларидан бири – душманларни камайтириш, дўстларни кўпайтириш, ёки потенциал душманларга қарши дўст-биродарларнинг жипс бўлишини таъминлаш ҳисобланади.
Кейинги ўн йилликларда халқаро ҳуқуқ поймол бўлмоқда, халқаро ўйин қоидалари қўпол ва агрессив кучга асосланиб бормоқда. Давлатларнинг энг муҳим ресурсларидан бири ҳам – ишончли ва мустаҳкам алянсларга эга бўлиши ҳисобланади. Қудратли давлатлар иттифоқчилар, алянслар занжирини мустаҳкамлашга қаттиқ ҳаракат қилишади.
Қирғизистон – Ўзбекистоннинг навбатда бешинчи иттифоқчи давлати бўлди. Биринчи маъмурият даврида, Ўзбекистон фақатгина битта давлат билан иттифоқчиликка киришган эди. У ҳам бўлса, 2005 йилнинг ноябрида Россия Федерацияси билан расмийлаштирилган иттифоқчилик эди. Кўпчилик яхши англайдики, ўша вақтда расмий Тошкент ўзининг сиёсий ва геосиёсий муаммоларини ечиш учунгина, яъни мажбурият юзасидан РФ билан иттифоқчилик ўрнатган эди. Лекин маъно-мазмунига кўра, бу иттифоқчилик замирида ўзаро ишонч у қадар кучли бўлмагани маълум.
2016 йилдан кейин Ўзбекистоннинг иттифоқчилик борасидаги тафаккури мутлақ ўзгарди. Кейинги даврда Ўзбекистон тўртта давлат билан иттифоқчилик муносабатлари ўрнатди. 2002 йилнинг бошида пост-совет ҳудудида катта уруш бошланди ва бу уруш ҳозирга қадар давом этмоқда. Ўша 2022 йилнинг декабр ойида Ўзбекистон қўшни Қозоғистон билан иттифоқчилик ўрнатди.
2024 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон қўшни Тожикистон билан, ўша йилнинг иккинчи ярмида эса Жанубий Кавказдаги ягона туркий давлат ҳисобланмиш Озарбойжон билан иттифоқчилик муносабатлари ўрнатилди.
Ва ниҳоят, мана, 2026 йил 30 июл куни расмий Тошкент қўшни Бишкек билан ҳам иттифоқчилик муносабатларини расмийлаштирди.









