Мисрда Трамп бошчилигида бир қатор давлат раҳбарлари Ғазода тинчлик ўрнатиш битимини имзолашди. Сўнгги икки йилда бўлгадаги уруш ҳарбий тўқнашувдан кўра кўпроқ сиёсий ва мафкуравий тус олди. Дастлаб Нетаняҳунинг мақсади Ҳамасни йўқ қилиш ва асирларни озод этиш бўлган бўлса, вақт ўтиши билан бу стратегия ўзгариб, Ғазони тўлиқ назорат остига олиш, аҳолини кўчириш ва ҳудудни ўзлаштиришга қаратилди. Натижада можаро этник тозалаш тусини олиб, минтақавий сиёсатни тубдан ўзгартирди. Kun.uz’нинг “Геосиёсат” дастурида соҳанинг етакчи мутахассислари Ғазодаги уруш якунларини муҳокама қилишди.

Нетаняҳу Ғазо уруши олдидан эълон қилган мақсадларига қанчалик эришди?

Камолиддин Раббимов: Агар сўнгги икки йилдаги можаро ва унинг ижтимоий-сиёсий оқибатларини социологик нуқтайи назардан таҳлил қилсак, бу воқеа тўлақонли уруш сифатида тавсифланмайди. Тўлақонли уруш бу икки томоннинг ҳам кенг кўламли ва қарама-қарши ҳарбий ҳаракатлари, ҳам бир-бирига тенг даражада қарши туришидир. Ғазо мисолида эса вазият бошқа: бир томон Исроил, анча устунликка эга бўлиб, бошқа томонни қамал қилади ва куч билан сиқиб чиқаради. Бошланишда Исроилнинг асосий мақсади Ҳамасни заифлаштириш ва унинг ҳарбий салоҳиятини камайтириш эди. Дастлабки йил давомида нишон асосан Ҳамасга қаратилди. Кейинчалик эса стратегия ўзгариб, Ғазони назорат остига олиш, аҳолини кўчириш ва ҳудудни ўзлаштиришга қаратилган сиёсий интилишлар кўринишида намоён бўлди. Нетаняҳунинг баъзи баёнотлари ва оммавий чиқишлари Фаластин давлатига имкон бермаслик, Ғазони ҳамда Ғарбий Соҳилни қайта ташкил этиш ниятлари мавжудлигидан далолат берди. Натижада бу ҳаракатларни этник тозалаш характерига эга деб баҳолаш мумкин. Исроилнинг блокада, бомбардимон ва зўравонлик механизмлари аҳолини сиқиб чиқариш ва ҳудудий назоратни мустаҳкамлаш имконини берди. Ҳамас жисмоний жиҳатдан катта зарар кўрди ва бошқарув тизими заифлашди, аммо унинг мафкураси ва қарши кураш руҳияти бутунлай йўқ бўлмайди. Ҳатто етишмаса ҳам, янги қаршилик гуруҳлари пайдо бўлиш эҳтимоли юқори. Асирлар масаласи конфликт сиёсатида марказий аҳамиятга эга бўлиб, бу мавзу орқали ҳар икки томон ўз стратегик ва пропагандавий мақсадларини илгари суради. Бир томондан, Ҳамас асирларни шартлар қўйиш учун ишлатишга уринди, бошқа томондан, Исроил баъзи ҳолатларда асирларни озод қилишни сиёсий устунликни давом эттириш билан алмаштирди, натижада асирлар муаммоси сиёсий манипуляция ва муроса воситасига айланди. Хулоса қилиб айтганда Ғазодаги вазият тўлақонли уруш талқини билан мутаносиб эмас, бу асосан бир томоннинг устунлиги остида кечган геноцид, лекин кучли сиёсий ва ҳудудий оқибатларга эга бўлган зўравонлик амалиётидир. Ушбу жараён натижасида ҳудудий тузилма, аҳоли ҳаёти ва минтақавий сиёсат узоқ муддатли ўзгаришларга дучор бўлади. Хулоса қилиб айтганда Нетаняҳунинг асосий мақсади бу Ғазода этник тозалаш эди.