Ҳамас сиёсий бюроси аъзоси Муҳаммад Наззол Reuters нашрига Трампнинг сулҳ битими борасида эксклюзив интервью берди. Суҳбат гуруҳ сиёсий бошқарувчилари анча вақтдан бери паноҳ топган Қатар пойтахти — Доҳада бўлиб ўтди.
Муҳаммад Наззол гуруҳнинг Ғазода ўтказган жиноятчиларни жазолаш «тадбири»ни ҳимоя қилди: унга кўра, уруш пайтида фавқулодда чора-тадбирлар зарур бўлган, қатл этилганлар эса одам ўлдирган жиноятчилар эди.
У «Ҳамас қуролларини топширадими?» деган саволга аниқ жавоб бермади:
«Ҳа ёки йўқ деб жавоб бера олмайман. Очиғини айтсам, бу лойиҳанинг моҳиятига боғлиқ. Сиз айтаётган қуролсизланиш лойиҳаси нимани англатади? Қуроллар кимга топширилади?» деди у.
Наззолнинг айтишича, музокараларнинг кейинги босқичида муҳокама қилинадиган масалалар: қуроллар, хавфсизлик ва бошқалар – нафақат Ҳамас, балки бошқа қуролланган фаластинлик гуруҳларни ҳам қамраб олади. Бу масалаларда барча фаластинликлар умумий позицияга келиши керак, деди у.
Наззол, шунингдек, Ҳамас гаровдагиларнинг жасадларини сақлаб қолишдан манфаатдор эмаслигини айтди.
Унинг маълум қилишича, Ҳамас 28 жасаддан камида 9 тасини топширган, аммо қолганларини топишда «техник муаммолар» бор. Зарурат туғилса, Туркия ёки АҚШ каби қидирувда ёрдам беради. Ўтган ҳафта Туркия расмийларидан бири Туркия Исроил, АҚШ, Қатар ва Миср билан биргаликда жасадларни топиш бўйича қўшма гуруҳда иштирок этишини айтган эди.
Ҳамас 4 октябрда гаровдагиларни озод қилиш ва бошқарувни технократик қўмитага топширишга рози бўлган, аммо бошқа масалаларни кенгроқ фаластинлик муҳитда муҳокама қилиш зарурлигини билдирган эди. Улар барча тирик гаровдагиларни душанба куни озод қилган.
Қуролсизланиш учун босимлар
Ҳамас илгари ҳам қуролсизланишни қатъий рад қилган. Reuters’нинг ёзишича, Наззолнинг айнан ҳозирги пайтдаги баёноти Ғазода урушни бутунлай тўхтатишга қаратилган саъй-ҳаракатларни тўлиқ амалга оширишга жиддий тўсиқларни кўрсатади.
Унинг фикрлари Ҳамас позицияси ва Доналд Трампнинг Ғазо бўйича режаси ўртасидаги катта тафовутларни очиб беради. Тез орада бўлиб ўтиши кутилаётган музокараларда Ҳамаснинг қуроллари ва Ғазо бошқаруви масалалари муҳокама қилинади.


















