Ўзбекистонда ярим тайёр мис симлар ва мис маҳсулотлари экспорти ҳамда ТИФ ТН коди 8504, 8541 ва 8544 бўлган товарлар импорти таҳлил қилинган ҳолда, зарур ҳолларда, тегишли божхона божи ставкаларига вақтинчалик ўзгартириш киритилиши мумкин. Бу 15 октябр куни имзоланган электротехника саноатини қўллаб-қувватлашга оид қарорда назарда тутилган.

Юқоридаги вазифа Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича идоралараро комиссия раиси Жамшид Хўжаевга юклатилган.

Мазкур божхона божлари божхона ҳудудида қайта ишлаш режимида қайта ишланган маҳсулотларга нисбатан татбиқ этилмаслиги назарда тутилган.

Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатурасига кўра, юқорида назарда тутилган товар позицияларига қуйидаги товарлар киради:

·       8504 – электр трансформаторлари, статик электр ўзгартирувчилари (масалан, тўғрилагичлар), индуктивлик ғалтаги ва дросселлар. Амалдаги бож ставкаси – 5 фоиз.

·       8541 – ярим ўтказгичли асбоблар (масалан, диодлар, транзисторлар, ярим ўтказгичларга асосланган конверторлар); фототаъсирчан ярим ўтказгичли қурилмалар, шу жумладан, фотогалваник элементлар, модулларда йиғилган ёки йиғилмаган, панелларга ўрнатилган ёки ўрнатилмаган; бошқа ёруғлик чиқарадиган диодлар (LED) билан йиғилган ёки йиғилмаган ёруғлик чиқарадиган диодлар (LED); пьезоэлектрик кристаллар йиғилиши. Амалдаги бож ставкаси – 0 фоиз.

·       8544 – симлар изоляция қилинган (шу жумладан, эмалланган ёки анодланган), кабеллар (шу жумладан, коаксиал кабеллар) ва бошқа изоляцияланган электр ўтказгичлар, улагичлари бўлган ёки уланмаган; электр ўтказгичлари ёки улагичлари билан йиғилган ёки йиғилмаган алоҳида қопламали толалардан иборат оптик толали кабеллар. Амалдаги бож ставкаси – 10 фоиз.

Аввалроқ Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов Ўзбекистонда мис сим экспортига бож киритилишини маълум қилганди