Жамият | 20:30 / 24.10.2025
2340
6 дақиқада ўқилади

“Мусобақа янги, ёш шахмат юлдузларини кашф этишнинг ажойиб усулидир” – Антоанетта Стефанова

Соврин жамғармаси 620 млн сўм бўлган IV “Zakovat-Gambit” шахмат турнири якунланди. Финал ғолиблари 20 млн сўмдан 50 млн сўмгача бўлган пул мукофотлари билан тақдирланди.

23 октябр куни Ўзбекистонда кўплаб шахматчиларни кашф қилаётган IV “Zakovat-Gambit” чемпионати якунланди. Бу йилги турнирда 2200 дан ортиқ шахматчи қатнашган бўлса, уларнинг 91 нафари финалда куч синашди. Унда яхши натижа кўрсатганлар 20 млндан 50 млн сўмгача бўлган пул мукофотлари билан тақдирланди. Тантанали тадбирда Kun.uz мухбири ҳам иштирок этиб, ғолиб бўлганларнинг айримларига микрофон тутди. Улардан бири 18 ёшли Акжол Раҳматуллаев, у Э гуруҳида 1-ўринни эгаллаб, 50 млн сўмни қўлга киритди.

“Шахматни биринчи марта тўрт ёшимда бошлаганман. Бошида бунга оддий машғулот сифатида қараганман, кейин билсам, шахмат жуда қизиқ ўйин экан. Турнир яхши ўтди ва рақибларим кучли чиқишди, шунга қарамасдан уларнинг ҳаммасини енгдим”, - дейди Раҳматуллаев.

Раҳматуллаев сўзи давомида Магнус Карлсенни дунёдаги энг яхши шахматчи деб билишини, ўйинлардаги ҳар қандай вазиятдан чиқиб кета олишини қўшимча қилди.

Фарғоналик Муҳаммадризо Умаров ҳам мусобақада 2-ўрин соҳиби бўлди ва 30 млн сўмга эга чиқди.

“Zakovat-Gambit мусобақасида Д гуруҳда қатнашдим. 9 та турда 5 та ғалаба, 3 та дуранг ҳамда 1 та мағлубият билан 2-ўринни қўлга киритдим. Шунақа натижа қилганимдан жуда хурсандман.

Мен шахмат билан 10 йилдан бери шуғулланиб келаман. Албатта, бошида бунга бироз қизиқиш бўлган. Лекин маълум бир вақтдан кейин жиддий қизиқа бошладим, яъни йўналиш сифатида танладим. Яхши касб деб ўйлайман”, - дейди Умаров.

Умаровнинг қайд этишича, шахматда сониялар рол ўйнайди.

“Бу мусобақа 3 та босқичда ўтказилди: онлайн, яримфинал ҳамда финал. Кучли шахматчилар қатнашди. Деярли кўпчиликнинг даражаси бир-бирига яқин. Шунинг учун ҳам мусобақа жуда шиддатли ўтди. Бу ерда яхши меҳнат, ҳаракат, албатта, бироз омад ҳам керак бўлади. Мусобақа блиц бўлди, яъни тезкор шахмат. 2-3 сонияда ўйин тақдири ўзгариб кетиш мумкин”, - дейди шахматчи.

Шунингдек, тақдирлаш маросимида Афруза Ҳамдамова, Умида Омонова, Нилуфар Имомқўзиева, Зилола Актамова, Моҳижаҳон Раҳмонова турнирнинг энг яхши аёл шахматчилари деб топилиб, 20 млн сўмга сазовор бўлишди. Қолаверса, мусобақанинг энг ёш иштирокчиси Абдураҳмон Ражабов (12 ёш) ва энг кекса қатнашчиси, халқаро гроссмейстер Тоир Воҳидов (63 ёш) бўлди. Уларнинг ҳар бири 10 млн сўм билан тақдирланди.

Kun.uz мухбири мазкур турнир ташкилотчиси Ҳулкар Тоҳиржонова билан суҳбат қурди. Унинг таъкидлашича, кейинги мусобақада халқаро рейтингга эга бўлмаган ҳаваскорлар учун янги категория қўшилиши мумкин.

“Zakovat-Gambit” ўз олдига қўйган барча вазифаларни яхши бажариб келмоқда. Сабаби, шахматчиларнинг кучига қараб 5 та гуруҳга бўлганмиз. Бу турнирдан кейин яна битта категория қўшмоқчимиз. Бу умуман халқаро рейтингга эга бўлмаган ҳаваскорлар ўртасидаги категория. Бундан ташқари, кейинги йилда кўпроқ офлайн форматга ўтишни ҳам ўйлаб кўряпмиз”, - дейди Тоҳиржонова.

Kun.uz мухбири тадбирдан сўнг, болгариялик машҳур шахматчи Антоанетта Стефанова билан суҳбатлашди. У интервю давомида мусобақанинг аҳамияти, тажрибалари ҳақида сўзлаб берди.

“Бу ажойиб формат, яримфинал ва финалдаги жонли ўйинларни кузатдим. Бу мусобақа янги, ёш шахмат юлдузларини кашф этишнинг ажойиб усулидир. Баъзан ёши каттароқ ўйинчилар ҳам сизни ҳайратда қолдириши мумкин. Бу ерда ажойиб муҳит ҳукм сурди.

Бундай тадбирларни ўтказиш ғоят муҳим, чунки бу ўйинчиларни ҳам руҳлантиради ва шахматни тобора оммалаштиради. Сиз мендан шахмат ўйинми, ишми ёки ҳаёт фалсафасими деб сўрадингиз, ҳаммаси дейман. Чунки мен беш ёшимдан шахмат ўйнай бошлаганман. Ҳозир мураббийман, Европа Шахмат Иттифоқининг Аёллар шахмати бўйича комиссияси раисиман. Шундай экан, шахмат менинг севимли ўйиним. Бу дўстлар орттириш, дунё бўйлаб саёҳат қилиш имконини берувчи ҳаёт тарзидир. У ҳаётимга жуда кўп қувонч олиб келди.

Менимча, шахмат мен ва бошқа кўплаб шахматчилар учун – ўз хатти-ҳаракатларимиз учун масъулиятни зиммамизга олишни ўрганишдир. Чунки шахмат танқидий фикрлаш қобилиятини, шунингдек, қарор қабул қилиш жараёнини ривожлантиради ва сиз қилган ҳар бир юриш, ҳар бир қарорнинг оқибатлари бўлади.

Мен минглаб рақибларга қарши дона сурганман, ҳар бир мағлубиятга учраган ўйинингиздан ғалаба қозонган ўйинларингизга қараганда кўпроқ нарса ўрганасиз. Шахматни ривожлантиришнинг йўли – ҳар доим ўйинларни таҳлил қилишдир. Гарчи ғалаба қозониб, чиройли комбинациялар қилган ўйинларимизни таҳлил қилиш анча ёқимлироқ бўлса-да, мағлуб бўлган ёки дуранг ўйнаган партияларни ўрганиш ундан зарурдир. Якунда ҳар доим машаққатли меҳнат муҳимроқ, чунки иқтидор жуда кўп нарсани англатади. Қаттиқ меҳнат қила олиш қобилияти ҳам иқтидордир. Албатта, ёш ўйинчилар, баъзилари анча тез ўрганади, улар учун тушунчаларни ўзлаштириш ва ўз ғояларини яратиш осонроқ. Аммо шахматда машаққатли меҳнатсиз, фақат иқтидор билан чинакамига ўсиш ва жиддий натижаларга эришиб бўлмайди”, - дейди Стефанова.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистонда ҳар йили шахматни ривожлантириш учун давлат бюджетидан 50 млрд сўм ажратилади.

Ҳозирги кунда юртимизда 500 минг нафардан ортиқ киши “UzChess” электрон тизимида рўйхатдан ўтиб, шахматни ўрганмоқда.

Мавзуга оид