Соврин жамғармаси 620 млн сўм бўлган IV “Zakovat-Gambit” шахмат турнири якунланди. Финал ғолиблари 20 млн сўмдан 50 млн сўмгача бўлган пул мукофотлари билан тақдирланди.
23 октябр куни Ўзбекистонда кўплаб шахматчиларни кашф қилаётган IV “Zakovat-Gambit” чемпионати якунланди. Бу йилги турнирда 2200 дан ортиқ шахматчи қатнашган бўлса, уларнинг 91 нафари финалда куч синашди. Унда яхши натижа кўрсатганлар 20 млндан 50 млн сўмгача бўлган пул мукофотлари билан тақдирланди. Тантанали тадбирда Kun.uz мухбири ҳам иштирок этиб, ғолиб бўлганларнинг айримларига микрофон тутди. Улардан бири 18 ёшли Акжол Раҳматуллаев, у Э гуруҳида 1-ўринни эгаллаб, 50 млн сўмни қўлга киритди.
“Шахматни биринчи марта тўрт ёшимда бошлаганман. Бошида бунга оддий машғулот сифатида қараганман, кейин билсам, шахмат жуда қизиқ ўйин экан. Турнир яхши ўтди ва рақибларим кучли чиқишди, шунга қарамасдан уларнинг ҳаммасини енгдим”, - дейди Раҳматуллаев.
Раҳматуллаев сўзи давомида Магнус Карлсенни дунёдаги энг яхши шахматчи деб билишини, ўйинлардаги ҳар қандай вазиятдан чиқиб кета олишини қўшимча қилди.
Фарғоналик Муҳаммадризо Умаров ҳам мусобақада 2-ўрин соҳиби бўлди ва 30 млн сўмга эга чиқди.
“Zakovat-Gambit мусобақасида Д гуруҳда қатнашдим. 9 та турда 5 та ғалаба, 3 та дуранг ҳамда 1 та мағлубият билан 2-ўринни қўлга киритдим. Шунақа натижа қилганимдан жуда хурсандман.
Мен шахмат билан 10 йилдан бери шуғулланиб келаман. Албатта, бошида бунга бироз қизиқиш бўлган. Лекин маълум бир вақтдан кейин жиддий қизиқа бошладим, яъни йўналиш сифатида танладим. Яхши касб деб ўйлайман”, - дейди Умаров.
Умаровнинг қайд этишича, шахматда сониялар рол ўйнайди.
“Бу мусобақа 3 та босқичда ўтказилди: онлайн, яримфинал ҳамда финал. Кучли шахматчилар қатнашди. Деярли кўпчиликнинг даражаси бир-бирига яқин. Шунинг учун ҳам мусобақа жуда шиддатли ўтди. Бу ерда яхши меҳнат, ҳаракат, албатта, бироз омад ҳам керак бўлади. Мусобақа блиц бўлди, яъни тезкор шахмат. 2-3 сонияда ўйин тақдири ўзгариб кетиш мумкин”, - дейди шахматчи.
Шунингдек, тақдирлаш маросимида Афруза Ҳамдамова, Умида Омонова, Нилуфар Имомқўзиева, Зилола Актамова, Моҳижаҳон Раҳмонова турнирнинг энг яхши аёл шахматчилари деб топилиб, 20 млн сўмга сазовор бўлишди. Қолаверса, мусобақанинг энг ёш иштирокчиси Абдураҳмон Ражабов (12 ёш) ва энг кекса қатнашчиси, халқаро гроссмейстер Тоир Воҳидов (63 ёш) бўлди. Уларнинг ҳар бири 10 млн сўм билан тақдирланди.






