Ташкилотчилар маълумотига кўра, саралаш баҳслари олти кун давом этган. 19–23 октябрда мамлакатнинг барча 14 ҳудудида юзма-юз ўйинлар, 24 октябрда эса chess.com платформасида онлайн саралаш ўтказилган.
Бу йил саралаш тартибига янгилик киритилди: аввал фақат онлайн ташкил этилган босқичга ҳудудий баҳслар ҳам қўшилди. Уларда иштирок эта олмаган ёки ярим финалга йўлланма ололмаган шахматчилар онлайн саралашда яна бир бор ўз кучини синаб кўриш имкониятига эга бўлди.


Финал 29–30 октябрда ўтказилади
Турнир уч босқич — саралаш, ярим финал ва финалдан иборат. Ярим финал 28 октябрга, финал баҳслари эса 29–30 октябрга белгиланган. Ҳар икки босқич Тошкентда ўтказилади.
Қатнашчилар FIDE рейтинги ва даражасига қараб беш гуруҳга ажратилади. Шу тариқа ҳаваскорлар ҳам, профессионаллар ҳам ўз даражасидаги рақиблар билан ғолиблик учун курашади.



Ҳар бир гуруҳ ғолибига 50 миллион сўм
А, B, C, D ва E гуруҳларининг ҳар бирида совринлар бир хил миқдорда белгиланган:
биринчи ўрин — 50 миллион сўм;
иккинчи ўрин — 30 миллион сўм;
учинчи ўрин — 20 миллион сўм;
аёллар ўртасида биринчи ўрин — 20 миллион сўм.
Бундан ташқари, энг ёши катта ва энг ёши кичик иштирокчи учун 10 миллион сўмдан махсус мукофот ажратилган.



























