Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов матбуот анжумани ўтказиб, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳақида маълумот берди. Унинг Kun.uz мухбири саволига жавобан айтишича, газлаштирилмаган ҳудудларга электр энергияси тўловидан чегирма бериш масаласи ҳамон кўриб чиқилмоқда. Йил якунигача ҳукуматга таклиф киритамиз, дейди вазир.

28 октябр куни энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов куз-қиш мавсумига тайёргарлик мавзусида матбуот анжумани ўтказди.

Электр энергияси

Мирзамаҳмудовнинг айтишича, Ўзбекистонда 1991 йилдан 2016 йилгача 3,5 GW қувват ишга туширилган бўлса, сўнгги 8 йилда бу 15 GW'га етган.

“Ёзда ҳам электр энергияга талаб кескин ошди. Тиғиз вақтида 13 300 мегаваттгача етди. Кунига 270-275 миллион kWh истеъмол ҳисобига, тармоқларда авариялар бўлди. Бу нафақат қишга, балки ёзга ҳам тайёрланиб боришимиз зарурлигини кўрсатяпти. Ўтган йили умумий электр энергия истеъмоли, ишлаб чиқариш 81,5 млрд kWh бўлган бўлса, бу йил якуни билан 85,5 мрлд kWh'га етказишни режалаштирганмиз.

Электр энергия етказиб бериш билан бирга, иситиш мавсумида эҳтиёжманд оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади. Президентимизнинг тегишли қарорларига кўра, ижтимоий ҳимоя ягона реестри, камбағал оилалар реестрига киритилган ва маҳалла еттилиги томонидан шакллантирилган қўшимча рўйхат асосида эҳтиёжманд оилаларга ноябр ойида иситиш мавсумига қўшимча компенсация қилиш мақсадида 1 млн сўмдан бир марталик моддий ёрдам ажратилади”, – дейди Мирзамаҳмудов.

Унинг таъкидлашича, республикада жорий йилги куз-қиш мавсумида 47 миллиард kWh электр энергияси истеъмол қилиниши кутилмоқда. Яъни кунлик ўртача 257 миллион kWh. Бу – ўтган йилга нисбатан 20 млн kWh'га кўп. Вазирга кўра, генерация объектлари ҳисобига ички истеъмол тўлиқ қопланади.

Мирзамаҳмудовнинг қайд этишича, куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида узунлиги 7455 км бўлган узатиш тармоқлари, 1748 та трансформатор пункти янгиланган, 954 та маҳаллада электр таъминоти яхшиланган. Бундан ташқари 553,1 минг километр узунликда юқори ва ўрта босимли газ тармоқлари, 971 та газ тақсимлаш пунктлари янгиланган.

“Оғриқли нуқталаримиз бор, буни биламиз. Миллий электр тармоқларда, ҳудудий электр тармоқларда, 900 дан ортиқ маҳаллада қилинган ишларни айтдим, лекин ҳали 35 фоиз тақсимлаш тармоқларимиз 40 йилдан ортиқ ишлатилган. Масалан, ўша ҳудудда аҳолимизнинг ҳаёт фаровонлиги ўсяпти. Олдин маҳаллада иккита кондиционер бўлган бўлса, ҳозир ҳамма маҳалладаги барча уйда кондиционер бор. Ҳамманинг уйида электроприборлар бор, ҳамма нарса бор. Яъни электр энергия истеъмоли ошяпти, лекин уларга тортилган симлар, ўрнатилган трансформаторлар қуввати у қувватга мўлжалланмаган.