Ўзбекистон | 20:11 / 30.10.2025
4893
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Афғонистонга электр энергияси экспортини бир неча каррага оширишни режалаштиряпти

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовга кўра, Афғонистон Ўзбекистондан етказиб берилган электр энергияси учун тўлов бўйича ўз мажбуриятларини тўлиқ бажаряпти. Олдинги ҳукуматнинг қарзларини ҳам ҳозирги ҳукумат тўлиқ тўлаган. «Пули-Хумри» электр узатиш линиясини қуриш якунлангач, Афғонистонга электроэнергия экспорти бир неча каррага ошиши кутиляпти.

Фото: TOLOnews

Афғонистон томони Ўзбекистондан етказиб берилган электр энергияси учун тўлов бўйича ўз мажбуриятларини тўлиқ бажаряпти ва икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш режалаштирилган. Бу ҳақда 28 октябр куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов айтиб ўтди.

«Афғонистон билан ҳамкорлик қанақа яхши кетяпти, ривожланяпти. Мен охирги икки ой ичида уч марта бордим. Тинч, худога шукур. Уларнинг ўзида ҳам ривожланишга, умуман иқтисодиётини ривожлантиришга ҳаракатлар бор. Бу энергия ресурсисиз бўлмайди.

Афғонистон етказиб берилган электр энергияси учун тўлов бўйича ўз мажбуриятларини тўлиқ бажаряпти. Олдинги ҳукуматнинг қарзларини ҳам ҳозирги ҳукумат келгандан кейин тўлиқ ёпди. Мана компаниямиз раҳбари айтсин: Афғонистон томонидан истеъмол қилинган, биз етказиб берган электроэнергия учун тўлов бўйича умуман кечикиш ҳам, бошқаси ҳам йўқ», - деди вазир.

Шунингдек, Мирзамаҳмудов «Пули-Хумри» электр узатиш линиясини қуриш лойиҳаси бошлаганини ҳам маълум қилди.

«Ҳозир ҳамкорликни янада кенгайтиряпмиз. Биз Сурхондарёгача тармоқларни тортиб, линияларни кенгайтирганмиз, подстанцияни кенгайтирганмиз. Ҳозир ўша «Пули-Хумри» деган янги 500 кВлик линия бор. Шу бўйича сентябрда шартномани имзоладик, ҳозир ишларни бошладик. 18 ой ичида ишларни якунлашга келишиб олдик. Лойиҳа тугаганидан кейин Афғонистонга электроэнергия экспортимиз бир неча каррага ошиши кутиляпти», - дея қўшимча қилди энергетика вазири.

Тайёрлаган:  Достон Аҳроров

Мавзуга оид