Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Лукашенко Протасевични Беларус разведкаси ходими деб атади
Nexta’нинг собиқ бош муҳаррири Роман Протасевич — Беларус разведкаси ходими, деб баёнот берди Лукашенко. Унинг айтишича, кучишлатар тузилмалар “уни ушлаш операциясини ўтказган”, гарчи бу керак бўлмаган. Протасевич Лукашенкoнинг сўзларини ТАСС агентлигига тасдиқлади.
Беларус раҳбари Александр Лукашенко Nexta платформасининг собиқ бош муҳаррири Роман Протасевични “бизнинг (Беларус) разведкамиз ходими” деб атади. «Протасевич — бу бизнинг разведка ходими. Уни ушлашимиз керак эдими? Савол — нима учун у (Ryanair самолёти) Вилнюсга учиб бориб, у ерга қўнмади-ю, орқага бурилиб Минскка келиб қўнди — бортда қандайдир портловчи модда бор, деган қўнғироқдан кейин… Қўнаверинг, ахир сиз Вилнюсга учаётган эдингиз, Вилнюс устида эдингиз — қўнаверинг. Орқага бурилишди-да, Минскка учиб келишди», — деди Лукашенко 31 октябр куни Березин биосфера қўриқхонасига ташриф чоғида.
Ryanair самолёти Минскка шошилинч қўнганидан сўнг, Лукашенконинг айтишича, Беларус махсус хизматлари Протасевични “ушлаш операциясини” ўтказган, гарчи бу керак бўлмаган: «Бизни гўёки мухолифни ушлаганимизда айблашди. У бизники, мухолиф эмас. Биз мухолифни ушламаганмиз. Ана шунга санкциялар қўйилди», — дея давом этди Беларус раҳбари. Шунингдек, у мухолифлар «Беларус томонини “эгиш” учун баҳона излаяпти», деган тахминни ҳам билдирди.
Беларус демократик кучи раҳбари Светлана Тихановскаянинг маслаҳатчиси Франак Вячорка Лукашенконнг баёнотини шундай изоҳлади: «Менимча, Лукашенко кексайгани сайин ўзи гувоҳликларида адашяпти, ўзи нимадир ўйлаб топяпти ва шунга ишоняпти. Афсуски, шунинг учун беларуслар азият чекмоқда».
Унга кўра, 2021 йилда Протасевич Беларус ҳудудида ушланганидан кейин у билан нима бўлганини билмайди: «…лекин 2021 йилгача Роман шунчаки ўзи эди — камчилик ва афзалликлари билан, режимни чиндан ёмон кўрарди, ва Лукашенконинг сўзлари жуда ишонарсиз туюляпти», — деди у Euroradio эфирида.
Кейинроқ Роман Протасевич Россиянинг ТАСС агентлиги мухбири билан суҳбатда Лукашенко сўзларини тасдиқлади: «Менинг изоҳим қисқа бўлади: ҳа, бу маълумотни тасдиқлай оламан, лекин ҳозирча айта оладиганим шунинг ўзи», — деди у.
Ryanair авиакомпаниясининг Афинадан Вилнюсга парвоз қилган самолёти 2021 йил 23 май куни Беларусда мажбурий қўнишга мажбур бўлган эди. Литва пойтахтига қўнишга бир неча дақиқа қолганда, лайнер Беларус ҳаво ҳудуди устида орқага бурилиб, Минск аэропортига қўнди. Беларус диспетчерларидан бортда гўё бомба бор, деган хабар келган. Лайнерни кузатиш учун Беларус ҲҲКнинг қирувчилари ҳам ҳавога кўтарилган. Аэропортнинг ўзидаёқ хавфсизлик кучлари икки йўловчини — Роман Протасевич ва у пайтда унинг таниши бўлган Софя Сапегани — ушлаган.
2022 йил май ойида Беларус суди Сапегани “адоват қўзғаш” ва “шахсий маълумотлар билан ишлаш қоидалари” моддалари бўйича олти йил колонияга ҳукм қилган. Тергов билан ҳамкорлик тўғрисидаги келишувни имзолаган Протасевич эса 2023 йил майида “Беларусда давлат ҳокимиятини конституцияга хилоф тарзда эгаллаш учун йиғилиш” иши доирасида саккиз йилга озодликдан маҳрум этилган. Протасевич иши бўйича ҳукм ҳали кучга кирмасидан аввал Лукашенко уни афв этиш тўғрисида фармон имзолаган. Софя Сапега — Лукашенко афв этишдан бош тортганига қарамай — муддатни тўлиқ ўтамади: Россия билан келишувлар натижасида уни ватанга қайтаришди.
2024 йил сентябрида Роман Протасевичга 24,5 млн Беларус рубли (деярли 7 млн евро) жарима бекор қилинганидан кейин, у дам олиш учун Дубайга чиққан. «Мен Дубайдаман, машҳур мемдаги каби минораларни кўриш учун учиб келдим. Сўнгги йиллар мен учун жуда таранг ўтди, шу боис дам олиш учун келганман», — деган эди у ўша пайтдаги интервюсида.
Мавзуга оид
22:13 / 19.06.2026
Зеленский Лукашенкога ультиматум қўйди ва уни бажариш учун бир ҳафта муҳлат берди
22:16 / 16.06.2026
Ватикан ва «яҳудийлар лоббиси» Путинни алдади — Лукашенко
09:00 / 01.06.2026
Лукашенко: “Украинадаги воқеалар Арманистон учун сабоқ бўлиши керак”
22:20 / 24.05.2026