Украинанинг «Укринформ» агентлиги хабар беришича, бу ҳақда Бош прокурор офиси матбуот котиби Маряна Гаевская-Ковбасюк маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, мурожаат кўриб чиқилмоқда, аммо ҳозирча унинг асосида ҳеч қандай жиноят иши расман рўйхатдан ўтказилмаган.

Reuters агентлигининг қайд этишича, ҳозирча Лукашенконинг Украина суди олдида жавобгар бўлиши эҳтимоли жуда паст. Бироқ жиноят иши очилса, у Киев ва Беларус мухолифати учун ғарб давлатларини Минскка босимни кучайтиришга чақиришда ҳуқуқий асос сифатида хизмат қилиши мумкин.

Ташаббус Беларус мухолифати вакилларидан чиққан. Хусусан, асосчиларидан бири собиқ президентликка номзод Валерий Цепкало бўлган Демократик кучлар форуми Зеленский офисига мурожаат қилиб, Лукашенконинг Россиянинг Украинага қарши ҳарбий ҳаракатларини қўллаб-қувватлаши ва Беларус ҳудудидан Россия қўшинлари босқин учун фойдаланишига ҳуқуқий баҳо беришни сўраган.

Мурожаат муаллифлари Лукашенкога нисбатан агрессив уруш олиб бориш, ҳарбий жиноятлар, терроризмни молиялаштириш, Украина ҳудудий яхлитлигига тажовуз қилиш, геноцид ҳамда уруш тарғиботи каби моддалар бўйича жиноят иши қўзғатишни таклиф этган.

Беларус мухолифати томонидан эълон қилинган ҳужжатга кўра, Зеленский офиси мурожаатни кўриб чиқиб, уни ҳуқуқий баҳо бериш учун Украина Бош прокурорига юборган. Ҳозирда прокуратура мазкур таклиф юзасидан қарор қабул қилиш жараёнини давом эттирмоқда.