DW хабарига кўра, тегишли фармонни АҚШ президенти Доналд Трамп 23 октябр куни имзолаган.

Юқори божлар, жумладан, қуйидаги Канада маҳсулотларидан олиб ташланади:

  • фанера;

  • айрим турдаги қоғоз маҳсулотлари;

  • целлюлоза-қоғоз саноати учун ускуналар;

  • қадоқлаш яшиклари ва картон қутилар;

  • янги ва қуритилган денгиз сувўтлари.

Айни пайтда, Оқ уй бошқа маҳсулотларни бож қўлланадиган рўйхатга қўшган. Улар орасида гиламлар, бўёқлар, шампунлар, какао кукуни, ёғоч тобутлар, музқаймоқ таёқчалари, кондиционерлар, музлатиш камералари, камондан ўқ отиш анжомлари ва каноэ қайиқлари бор.

Канаданинг идоралараро муносабатлар вазири ҳамда АҚШ билан савдо учун масъул Доминик Леблан Оттава ушбу қарорларни баҳолаётганини билдирган.

Унинг таъкидлашича, Канада ўз манфаатларини ҳисобга оладиган, ҳар икки томон учун фойдали савдо муносабатларини шакллантириш йўлида конструктив ва ҳалол ҳамкорлик қилишга тайёр.

Вашингтон ва Оттава ўртасидаги савдо келишмовчиликлари Трамп президентликка қайтганидан кейин кучайган. Ўзаро 50 фоизлик божлар жорий этилиши муносабатлар ёмонлашувининг белгиларидан бири бўлган. Трамп Канадани АҚШнинг 51-штатига айлантириш имконияти ҳақида ҳам бир неча бор гапирган.

Сентябр охирида АҚШ Канададан қатор маҳсулотлар импортини номаълум муддатга тўхтатган эди. Чеклов ичимликлар, сут зардоби, айрим сут маҳсулотлари ҳамда мотоциклларни қамраб олган.

Вашингтон бу чорани Оттаванинг АҚШ август ойида жорий этган юқори божларга худди шундай жавоб қайтариш қароридан кейин қўллаган.