АҚШда бугун, 3 ноябр куни оралиқ сайловлар бўлиб ўтмоқда. Улар президентлик муддатининг ўртасида ўтказилади ва кўпинча ҳокимият ишига баҳо сифатида қаралади.

Сайловда Вакиллар палатасининг барча 435 ўрни, Сенатнинг 100 ўриндан 35 таси ва 36 та штат губернатори сайланади. Ҳозир Конгресснинг иккала палатасини ҳам республикачилар назорат қилмоқда. Вакиллар палатасида уларнинг 218 та, демократларнинг 214 та ўрни бор, битта депутат мустақил, икки ўрин эса бўш. Сенатда нисбат 53 га 47 – республикачилар олдинда, демократлар тарафида икки мустақил сенатор ҳам бор.

Кўпчиликка эга бўлиш учун демократларга Вакиллар палатасида 218 та, Сенатда эса 51 та ўрин керак. Сенатда овозлар 50 га 50 бўлиб қолса, ҳал қилувчи овозни республикачи вице-президент Ж.Д. Вэнс беради.

Аммо тарих республикачилар фойдасига эмас. Reuters’нинг ёзишича, Иккинчи жаҳон урушидан бери ўтган оралиқ сайловларнинг иккитасидан бошқа барчасида президент партияси Конгрессда ўз мавқеини йўқотган. Дастлабки натижалар Тошкент вақти билан 4 ноябр тонгидан кела бошлайди.

Сўровномаларда ким олдинда ва нега?

Сўровномалар ва мустақил таҳлилчилар Вакиллар палатасида демократларни фаворит деб ҳисоблайди, Сенат учун кураш эса очиқ.

Reuters/Ipsos’нинг 2 ноябрда якунланган сўровида иштирокчиларнинг 46 фоизи Конгрессни демократлар, 38 фоизи республикачилар бошқаришини истаган. Бир ҳафта аввал бу фарқ 11 пункт эди.

Сайловчиларни энг кўп қийнаётган масала – қимматчилик. Сўров иштирокчиларининг 78 фоизи учун яшаш нархининг қимматлашуви овоз беришда жуда муҳим ёки энг муҳим масала.