Мазкур тиббиёт марказида бир кунда 25 тагача жарроҳлик амалиётини ўтказиш мумкин. 4 та юқори технологияли операцион блок ва 6 та реанимация бўлими мавжуд. Клиникага ҳозирча Ўзбекистонда ягона бўлган сунъий интеллектли ултратовуш аппарати олиб келинган. 10 нафарга яқин хорижлик шифокор доимий фаолият учун жалб этилган. Kun.uz мухбири шифохонада бўлиб, операция жараёнлари, лаборатория ва стерилизация зоналари, беморлар учун яратилган шароитлар билан танишди.

Қашқадарёнинг тарихий Шаҳрисабз шаҳри энди фақат меъморий обидалари билан эмас, замонавий тиббиёт инфратузилмаси билан ҳам эътибор марказида. Ушбу ҳудудда 2025 йил баҳорида иш бошлаган “Оқсарой” кардио-тиббиёт маркази юрак-қон томир касалликларини замонавий даражада ташхислаш ва даволаш имкониятини яратмоқда. Марказ хорижий инвестор – россиялик ҳамкорлар кўмаги билан 10 миллион доллар эвазига барпо этилган бўлиб, тиббиёт соҳасида минтақа учун янги модел сифатида кўрилмоқда.

Бир кунда 25 та операция

Клиникада тўртта замонавий жарроҳлик хонаси ва олтита юқори даражадаги реанимация бўлими фаолият кўрсатади. Операция блоклари халқаро стандартлар асосида лойиҳаланган: уларда оддий юрак жарроҳлигидан тортиб, энг мураккаб, юқори аниқлик талаб қилувчи амалиётларни ҳам бажариш мумкин.

Хоналар катетиризация лабораторияси, ангиография тизими, 3D-навигация ускуналари, интраоперацион ултратовуш, шунингдек, юракни маълум муддат давомида сунъий ишлатиб турувчи кардиопулмонар аппаратлар билан жиҳозланган. Бу жарроҳга юракни вақтинчалик тўхтатиб, мураккаб реконструктив операцияларни хавфсиз бажариш имконини беради.

“Жарроҳлик бўлими шароитлари пойтахтдаги йирик марказлар даражасига тенг. Ушбу жиҳат Шаҳрисабз ва бутун Қашқадарё вилояти аҳолиси учун юқори технологик юрак операцияларини Тошкентга бормасдан ўтказиш имконини яратади. Клиникада бир кунда 25 тагача жарроҳлик амалиётини бажариш мумкин. Бунинг учун барча керакли жиҳозлар, тиббий асбоб-ускуналар ва малакали мутахассислар етарли. Бизда энг муҳим тамойил — хавфсизлик ҳамда аниқлик. Ҳар бир бемор учун операцияга индивидуал тайёргарлик алгоритми мавжуд ва техника бизга муолажаларни назорат остида бажариш имконини беради”, – дейди кардиолог Олим Абдуллаев.