Йиғилишда хусусий тиббиёт инфратузилмасини кенгайтириш ва инвестициявий жозибадорликни ошириш бўйича қатор чоралар эълон қилинди.
Хусусан, келаси йилдан тиббий ускуна, жиҳозлар ва тез ёрдам машиналари импорти бўйича амал қилаётган имтиёз уч йилга узайтирилади. Бу клиникаларнинг техник базасини янгилашни тезлаштиради.
ҚҚСнинг бир қисмини қайтариш тартиби, аввало умумий овқатланиш корхоналарига берилаётган имтиёз, хусусий тиббиёт ташкилотларига ҳам қўлланилади. Бу хизмат нархларини барқарор ушлашга ва сарфларни оптималлаштиришга хизмат қилади.
200 млн доллар имтиёзли ресурс ажратилади — тадбиркорлар замонавий кўп тармоқли клиникаларни ташкил этиш ва жиҳозлаш учун ушбу маблағлардан фойдаланиши мумкин. Қарзлар 7 йил муддатга, шундан 3 йили имтиёзли давр, ставка — 17 фоиз этиб белгиланади.
Ушбу чоралар хусусий секторда соғлом рақобат ва сифатни кучайтириш, замонавий ускуналар билан таъминлаш ҳамда беморлар учун хизматларнинг қамрови ва қулайлигини оширишга қаратилган.











