8 ноябрь куни Қозоғистоннинг Атирау халқаро аэропортида йўловчилардан бири уни рўйхатга олиш вақтида ҳазиллашиб қўл юкида бомба борлигини айтди. Биргина шу гапни деб бутун аэропортда фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Барча йўловчилар у ердан эвакуация қилинган. Лекин гувоҳлар аэропорт ходимлари йўловчидан ўч олиш учун буни қасддан қилганини гапирмоқда.

Аэропорт ходими зудлик билан бу ҳақида тегишли гуруҳга хабар берган. Шу заҳотиёқ аэропорт хавфсизлик хизмати бутун объектда фавқулодда ҳолат эълон қилиб, барчани у ердан эвакуация қилишни бошлади. Маҳаллий қозоқ нашри – Tengrinews’га кўра, ҳодиса жойига юкларни текшириш ва хавфсизликни таъминлаш учун фавқулодда хизматлар гуруҳи чақирилган. 

Республика Транспорт департаментининг тасдиқлашича, йўловчи Атираудан Олмаотага учиши керак бўлган. У рўйхатга олиш жараёнида аэропорт ходимига ҳазил қиламан деб, унинг саволига ҳа менинг сумкамда бомба бор, деган. 

Бироқ, текширув ўтказилганидан кейин унда ҳеч қандай портловчи қурилма йўқлиги аниқланган. Сўнгра йўловчи ёлғон ахборот бергани учун жиноий жавобгарликка тортиладиган бўлди. 

"Ушбу ҳодиса юзасидан Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси, яъни "Террорчилик акти тўғрисида била туриб ёлғон хабар бериш" доирасида жиноий иш қўзғатилди. Жабрланганлар йўқ, аэропорт нормал ишламоқда. Қозоғистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 201-моддасига мувофиқ, бошқа маълумотлар терговга алоқадор эмас", дейилади расмий муносабатда. 

Маҳаллий нашрлар тарқатган видеоларда кўринишича, кечқурун эълон қилинган фавқулодда вазият сабаб йўловчиларнинг ҳаммаси кўчага чиқарилган. Аэропорт ҳудуди эса ўраб олиниб, рейслар, самолётларни қабул қилиш тўхтатилган. Биргина ҳазилни деб, бутун аэропорт иш режимидан чиққан. 

Энди ушбу йўловчига қандай жазо берилиши тергов ва суддан кейин аниқ бўлади. Қозоғистонда бундай ҳолатлар аслида тез-тез содир бўлиб туради. Аввалроқ, Остона-Олмаота рейси йўловчиси ҳам сумкамда тақиқланган нарса бор дея ҳазил қилиб, жавобгарликка тортилганди.

Атирау аэропортидаги ҳолатга гувоҳ бўлганлар аслида вазият бундай тус олишида авиакомпания ходимининг ҳам айби борлигини айтмоқда. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири айнан ўша рейс орқали учиш учун аэропортда бўлгани, аслида йўловчидан ўч олиш мақсадида регистрация столида ўтирган авиакомпания ходими масалани кўпиртирганини ёзди.