Инсон оммага қўшилган заҳоти фикрлаш қобилиятини йўқотади. Баъзан кучли бир эҳтирос миллионта мантиқий далилни енгади. Сиёсатчиларнинг популизмидан тортиб журналист-блогерларнинг хайпигача - барчаси бир қонуниятга асосланади. Ва энг қизиғи, сиз бундан ўзингизни ҳимоя қила олмайсиз. Бугун “5 дақиқа”да Густав Лебоннинг “Омма психологияси” ҳақида гаплашамиз.
Ушбу асар омма деб аталадиган катта гуруҳлар қандай фикрлайди, қандай ҳаракат қилади ва нега баъзан мантиқсиз қарорлар қабул қилади, шуни тушунтиришга қаратилган. У оммавий руҳиятни очиб ташлаб, одамларнинг таъсирчан ва эҳтиросга мойил табиатини кўрсатади.
Асарнинг юраги - “оломон онги” деган тушунча. Яъни айрим ҳолларда одамлар ёлғиз ҳолатда жуда ақлли бўлиши мумкин, аммо оммага қўшилган заҳоти мантиқий фикрдан йироқлашиб кетади. Одам эмас, оломон қарор қабул қилади. Ва бу қарор кўпинча эҳтирос сабабли амалга ошади.
Оломон онги нима?
Омма мантиқ билан эмас, ҳиссиёт билан ҳаракат қилади. Агар бир нарса уларни қўрқитса - қочади. Илҳомлантирса - югуриб кетади. Шубҳаланса - ҳеч бир гапга ишонмайди. Лекин ишонса, ҳеч нарса уларни тўхтата олмайди. Лебоннинг таъбири билан айтганда, омма - бир лаҳзалик руҳий тўлқинларда яшайди.
Оммада мантиқ ўрнини рамзлар, образлар, шиорлар эгаллайди. Агар бир фикр содда ва таъсирли айтилса, омма унга ишонади. Бу вақтда қанчалик чуқур мантиқий далиллар келтирилмасин, оммага таъсир ўтказмайди. Шунинг учун сиёсатда, бизнесда ва ҳатто динга оид масалаларда ҳам оммани бошқарувчи асосий куч - ҳис-туйғулардир.
Одамлар лидерга муҳтож
Муаллифга кўра, Лидер - бу доно ёки буюк инсон эмас. У оммадаги яширин ҳиссиётларни уйғотиб бера оладиган одам.
Бу китобда лидерлар оммани қандай бошқариши ҳақида жуда қизиқ маълумотлар бор.






