Қуйида шу соҳадаги нуфузли илмий манбалар — АҚШ Педиатрия Академияси (AAP), Developmental Psychology журнали, Dan Siegel, John Bowlby кабиларга таянган ҳолда 10 та асосий хатолар таҳлил қилинади.
1. Болага бақириш ва қўпол муомала қилиш стрессга туширади. Психологларга кўра, қаттиқ овоз боланинг миясида “ҳужум” сигнали каби қабул қилинади. Бу билан стресс гормони — кортизол кескин ошади. Бу эса болада:
- хавотир,
- ўринсиз қўрқиш,
- агрессия,
- ўз-ўзини паст баҳолаш каби ҳолатларни келтириб чиқаради.
Development and Psychopathology журналидаги тадқиқотда бақириқ билан тарбияланган болаларда хавотир ва депрессия белгилари юқорироқ экани кўрсатилган.
2. Болани бошқалар билан солиштирманг. Танқид ёки солиштириш — болага мотивация бермайди. Аксинча, “мен бошқалардек бўлолмаяпман” деган ички фикрни мустаҳкамлайди. Психологлар бунга “ички солиштириш тузоғи” деб ном беришади. Бундай бола катта бўлса, доим бошқалар билан ўзини таққослаб юради ва шахсий ютуқлардан қониқмайди.
3. Ота-она ва фарзанд ўртасида меҳр ва эмоционал яқинлик етишмаслиги. Психолог John Bowlby томонидан илгари сурилган “бешик боғланиш назарияси”га кўра, болага меҳр етишмаслиги унинг бутун ҳаётидаги шаклланишига таъсир қилади. Бундай болалар ўзига ишончи паст, доим хавотирда, бошқалар билан мулоқотда қийналадиган бўлиб ўсиши мумкин. Меҳр — нафақат кучоқлаш, балки тинглаш, қабул қилиш, тушунишдан иборат.
4. Ҳаддан ташқари танқид ва тақиқлар қўйиш ҳам хато. Тақиқларнинг кўплиги болани эмас, унинг эркин фикрлаш қобилиятини “бошқаради”. Натижада бола ташаббускорликни йўқотади.
Миннесота университетида ўтказилган тадқиқотда болага “ҳаддан ташқари назорат” ўрнатилса, унинг ижодий фикрлаши ва қарор қабул қилиш қобилияти секинлашиши аниқланган.
5. Боланинг фикрини жиддий қабул қилмаслик, яъни унга аҳамият бермаслик. “Сен ҳали кичкинасан”, “Нимани ҳам тушунасан?” каби гаплар боланинг шахс сифатида қабул қилинмаслигини англатади. Бу эса болада ўз фикрини айта олмаслик, мулоқотда қийналиш, ўзини паст баҳолаш каби муаммоларга олиб келади.







