Жамият | 08:37 / 28.11.2025
868
2 дақиқада ўқилади

Истиқболли мутахассислар учун хорижий стажировка танловининг янги тартиби жорий этилди

Ҳукумат қарори билан “Истиқболли мутахассисларнинг “Эл-юрт умиди” жамғармаси маблағлари ҳисобидан мақсадли стажировкасини ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди. Унга кўра, номзодларни саралаш Бошқарув самарадорлиги агентлиги томонидан амалга оширилади, стажировкага чиқувчи мутахассислар эса қатъий мезонлар асосида танлаб олинади.

Ҳукумат қарори (743-сон, 26.11.2025 й.) билан “Истиқболли мутахассисларнинг “Эл-юрт умиди” жамғармаси маблағлари ҳисобидан мақсадли стажировкасини ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.

Низомга мувофиқ, мақсадли стажировкага юбориш бўйича номзодларни саралаб олиш Бошқарув самарадорлиги агентлиги (Агентлик) томонидан амалга оширилади.

Буюртмачи ташкилотлар ҳар йили 10 ноябргача кадрлар тайёрлашга бўлган эҳтиёжлар тўғрисида лавозим ва йўналишлар кесимида Агентликка маълумот тақдим этади. “Эл-юрт умиди” жамғармаси Бошқарув кенгаши эса 15 январгача стажировка дастурининг хорижий мамлакатлар кесимидаги квоталарини тасдиқлайди.

Номзодларни танлашда буюртмачи ташкилотлар қуйидаги талабларни инобатга олади:

стажировка йўналишига мос мутахассислик бўйича камида 3 йиллик иш тажрибаси, шу жумладан охирги 12 ой давомида ушбу соҳада ишлаган бўлиши;
давлат тилини билиши;
стажировка ўташ режалаштирилган хорижий ташкилотнинг шартсиз таклифномаси мавжуд бўлиши.

Саралаш тартиби икки босқичдан иборат:

  • тест синовлари;
  • номзодлар билан суҳбат.

Тест синовларидан 71 фоиз ва ундан юқори натижа тўплаган номзодлар суҳбат босқичига ўтказилади.

Ғолиб деб топилган мутахассислар билан “Эл-юрт умиди” жамғармаси, Агентлик, буюртмачи ташкилот ва молиявий (қўшимча) кафил ўртасида шартнома тузилади. Бу орқали мақсадли стажировкаларни молиялаштириш, мутахассисларнинг масъулияти ва қайтиб келиб, мамлакат ривожига ҳисса қўшиш механизмлари ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид