Охирги вақтларда терига ишлов бериб, одамларни ёшартириш “даромадли бизнес”га айланди. Бу соҳага кириш учун талаблар суст, косметологлар фаолиятини эса деярли ҳеч ким текширмайди. Қисқа курсларда ўқиган, тиббий билимга эга бўлмаган “мутахассислар” танага игна санчиб, уни кесиб-тикиб, инъекцион муолажаларни бехавотир амалга оширяпти. “Муаллифлик техникаси” дея тармоқларда реклама қилинаётган процедуралар эса клиник текширувлардан ўтказилмай, ноқонуний қўлланяпти. Беморлар саломатлигига етказилган зарар жавобсиз қолмоқда. Kun.uz мухбири мутахассислар билан боғланиб, ушбу ҳолатга сабаб бўлаётган муаммоларни ўрганди.

Косметология – юз, тери, соч, тирноқ ва тананинг бошқа ташқи элементларини парваришлаш, эстетик жиҳатдан яхшилаш билан шуғулланувчи тиббиёт соҳаси. Мазкур йўналишда ишлаш учун дерматология, фармакология, психология билимлари талаб қилинади.

Афсуски, Ўзбекистонда бу соҳа назоратсиз ривожланмоқда. Ижтимоий тармоқларда реклама қилинаётган 7 кун, 1 ойлик курслар орқали “сертификат” олиб, амалий тажриба ва кўникмага эга бўлмаганлар ҳам иньекцион муолажалар ўтказяпти. Шунингдек, жарроҳлик амалиёти ташкил этиш учун лицензияга эга бўлмаса-да, “гўзаллаштириш”га хизмат қилувчи операцияларни беморларда тажриба тариқасида синаб кўраётганлар ҳам топилади. Тиббий косметология ва эстетика бир-бирига аралашиб кетган: косметологиянинг соғлиқ билан боғлиқ жиҳатлари енгил баҳоланмоқда.

Тиббиёт соҳасида олий маълумотга эга косметолог Гулжаҳон Ширинованинг айтишича, бошланғич тиббий билими (коллеж ёки техникум дипломи) мавжуд бўлмаганлар устоз-шогирд анъаналари асосида процедураларни ўрганиб, мураккаб муолажаларни бажармоқда.

Бизда менежер бўлиб ишлаган собиқ ҳамкасбимиз бошқа косметологлар ишига қараб туриб ўрганиб, ҳеч қандай курс ёки олийгоҳда ўқимасдан, ҳозирда косметолог сифатида фаолият юритяпти. Диплом ёки бирор бир тиббий маълумоти бор-йўқлигини ҳеч ким сўрамайди, талаб қилмайди. Беморлар ҳам муолажалардан аввал мутахассиснинг қандай малакага эгалигини суриштирмайди. Одамларнинг аксарияти Instagramʼда кўрганига ишониб келади – рекламаларда намойиш қилинаётган сурат ва видеолар ўша косметологнинг ҳақиқий ишими ёки ўғирланган сурат, буни текшириб кўришмайди”, ­– дейди у.

Кўпчиликда ушбу йўналиш тиббий хизмат ҳисобланадими ёки йўқми ўзи, деган савол туғилиши табиий. Аслида косметология бир нечта турга бўлинади, уларнинг айрим турлари тўлиқ тиббий хизмат саналади, баъзилари эса парваришловчи-гигиеник сервис бўлиб, ярим тиббий тусга эга ҳисобланади.