Жаҳон | 07:31 / 29.11.2025
2612
2 дақиқада ўқилади

Беш қитъадаги “юз миллионлик клуб”: аҳолиси энг кўп 16 давлат

Бугунги кунда дунёда 8 миллиарддан ортиқ одам яшайди. Шу билан бирга, аҳолининг салмоқли қисми фақат бир нечта мамлакатларда жамланган. Инфографикада 100 миллиондан ортиқ аҳолиси бор давлатлар қаерда жойлашгани яққол кўрсатиб берилган.

Бутун дунё бўйича аҳолиси 100 миллиондан зиёд бўлган жами 16 та давлат мавжуд, шулардан бор-йўғи иккитасида 1 миллиарддан ортиқ киши яшайди. Worldometer маълумотларига кўра, 2025 йилда аҳоли сони бўйича етакчи — Ҳиндистон. У ерда яшовчилар сони 1,46 миллиард нафардан ошиб кетган. Кейинги ўринда 1,41 миллиарддан ортиқ аҳолиси бор Хитой туради.

Картадаги кейинги тоифа — аҳолиси 200 миллиондан ортиқ бўлган мамлакатлар. Бутун дунё бўйлаб бундай давлатлар сони бешта. Шу билан бирга, дунёда аҳолиси бўйича учинчи ўринда турган АҚШ билан Ҳиндистон ва Хитой ўртасидаги фарқ улкан. Қўшма Штатларда 347 миллиондан ортиқ аҳоли яшайди. Кейин Индонезия (285 миллион киши), Покистон (255 миллион), Нигерия (237 миллион) ва Бразилия (212 миллион) келади.

Дунёда, шунингдек, аҳолиси 100 миллиондан 200 миллионгача бўлган тўққизта давлат мавжуд. Булар — Бангладеш, Россия, Эфиопия, Мексика, Япония, Миср, Филиппин, Конго Демократик Республикаси ва Ветнам. Ветнам аҳолиси 2023 йилда 100 миллионлик кўрсаткичдан ошди.

Картага Европада тўлиқ жойлашган бирор-бир давлат киргани йўқ. Улар орасида энг яқин кўрсаткичга эга мамлакат — Германия, у ерда тахминан 80 миллион киши истиқомат қилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид