Ҳаётингизда бир марта бўлсин, бу ҳақида ўйлаб кўргансиз: кўринмас бўлиб қолиш ҳақида! Асосийси, кўринмаслик ҳам эмас, кўринмас бўлганингиздан кейин нималар қилишингиз ҳақидаги ўйларингиз. Ўйларингиз ҳақида гапирманг. Чунки ёлғон гапиришингиз мумкин. Чунки инсон баъзан ҳаётда хаёлларидан бошқачароқ одам бўлиб чиқади. Бугун биз “5 дақиқа”да Ҳерберт Уэллснинг “Кўринмас одам” асари ҳақида гаплашамиз.
“Кўринмас одам” 1897 йили ёзилган. Бу асар илмий-фантастика жанридаги классика сифатида дунё адабиётига кирган.
“Кўринмас одам” асари ёш физик Гриффин атрофида содир бўлади. У кичик ва изоляциядаги лабораторияда турли моддалар ва энергиялар билан синовлар олиб боради. Бу вақтда у оддий ҳаёт тарзига эга эди, инсонлар билан алоқада бўлиб турарди.
Йигит тадқиқотлари ортидан кўринмасликка эришади. Кўринмаслик унга одамлар назаридан яширин ҳаракат қилиш, шахсий қудратни синаб кўриш имконини беради.
Гриффиннинг ички психологияси ҳам қадамма-қадам ўзгариб боради. Илк бошланғич даврда у ҳавас ва қизиқиш билан тадқиқот олиб боради, лекин кўринмасликка эришгандан сўнг у ўзини одамлардан узоқлаштириб, руҳий изоляцияга солади. Унинг ҳаракатлари ва қарорлари нафақат фанга бўлган қизиқиш, балки шахсий қудрат ва мутлақ мустақилликка интилиш тарзда намоён бўлади.
Қудрат - чекланмаган истакларга етаклайди
Гриффин илмий изланишларини бошлаётган вақтда сиз-у биздек ишлар қилмоқчи эди. Яъни инсониятга яхшилик қилиш, дунёни яхши томонга ўзгартириш, жудаям фойдали инсон сифатида яшаш. Биз ундан яхшироқмиз, бошқачароқмиз, демоқчи эмасман, албатта. Аслида ким эканимизни билиш учун аввал кўринмас одамга айланиб кўришимиз керак.
Узр, мавзуга қайтамиз. Кўринмасликка эришган Гриффин инсонларга қўрқув солади, ҳайратлантиришни истайди. Шунингдек, қишлоқ аҳолиси унинг номаълум ҳаракатларидан безовта бўла бошлайди.
Гриффин қудрат ҳисси ва ахлоқий меъёрлар, мустақиллик ва жамият билан боғлиқлик сабаб ҳар қадамда зиддиятга дуч келади. У ўз ҳаракатларини ақл ва ахлоқ меъёрлари билан мувофиқлаштиришга ҳаракат қилади, бироқ ўхшамайди. У кўринмас одамга айлангач, амалда ҳеч кимга яхшилик қила олмайди.









