Ўзбекистон | 14:41 / 04.12.2025
673
2 дақиқада ўқилади

Иш берувчилар учун янги тижорий электрон хизматлар жорий этилди

Ҳукумат қарори билан “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплекси орқали иш берувчиларга тижорий электрон хизматлар кўрсатиш”нинг маъмурий регламенти тасдиқланди. Унга кўра, иш берувчилар ЯММТ орқали кўрсатиладиган тижорий электрон хизматлардан ўз хоҳишига кўра ихтиёрий фойдаланиши мумкин.

Фото: Fotolia

Регламентда таъкидланишича, меҳнат фаолиятига оид маълумотларни ЯММТ комплексига иш берувчиларнинг ўзи томонидан бепул равишда шакллантириш имконияти чекланмайди. Тижорий хизматлар эса қўшимча қулайлик сифатида таклиф этилади.

ЯММТ ИДАК дирекцияси (ваколатли орган) томонидан талабгор-иш берувчиларга қуйидаги тижорий электрон хизматлар кўрсатилади:

ходимлари билан меҳнат шартномаларини тузиш, бекор қилиш, уларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳақидаги маълумотларни ЯММТ комплексига киритиш;
ходимларининг аввалги иш жой(лар)и тўғрисида меҳнат дафтарчасидаги ёзувларни ЯММТ комплексига киритиш орқали электрон меҳнат дафтарчасини шакллантириш;
ЯММТ комплексида ташкилотнинг тузилмасини шакллантириш.

Талабгорлар электрон тижорий хизматлардан фойдаланиш учун ўрнатилган тартибда Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали рўйхатдан ўтади ва сўровнома тўлдиради.

Ваколатли орган сўровномани 3 иш куни мобайнида кўриб чиқади. Тегишли ҳужжатлар талабларга мос келганда, ЯММТ комплексида меҳнат фаолиятига оид электрон маълумотлар шакллантирилади ва QR-кодли маълумотнома расмийлаштирилади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид