Мулоқотда Россиянинг Нижний Новгород ва Омск вилоятлари, Бошқирдистон ва Красноярск ўлкаси раҳбарлари ҳам иштирок этди. Суҳбат аввалида Денис Мантуров давлат раҳбарига Россия президенти Владимир Путиннинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Томонлар олий даражадаги учрашувлар якунида қабул қилинган “йўл харитаси” ижросини кўриб чиқди. Савдо ҳажмининг барқарор ўсиб бораётгани, саноат, энергетика, транспорт, металлургия, кимё ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳалар амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилди.

Товар айирбошлаш суръатини сақлаб қолиш, саноат зоналари доирасида кооперация лойиҳаларини жадаллаштириш, ҳудудлар ва бизнес даражасида алоқаларни кучайтириш бўйича мувофиқлаштирилган чоралар кўриш муҳимлиги таъкидланди.

Учрашув доирасида Россиянинг етакчи компаниялари раҳбарлари президентга ахборот технологиялари, энергетика, электротехника, машинасозлик, кимё, фармацевтика, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноатида амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳалар бўйича аниқ режаларни тақдим этди.

Тошкентда бўлиб ўтган ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ва ишбилармонлик тадбирларининг натижалари Ўзбекистон–Россия иқтисодий ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши таъкидланди.