Жаҳон | 07:47
9989
5 дақиқада ўқилади

2 млрд долларлик бомбардимончи ва унинг “укалари”: дунёдаги энг қиммат 5 ҳарбий самолёт

B-2 Spirit Фото: Air Force

Янги ҳарбий самолётлар – шунчаки техника эмас. Улар куч намойиши, муҳандислик тараққиётининг белгилари ва кўп ҳолларда инсоният яратган энг мураккаб техник тизимлардир. Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини ёриб ўта оладиган стелс-бомбардимончилардан тортиб, давлат хавфсизлиги учун яратилган ҳаводаги бошқарув пунктларигача – қуйида тарихдаги энг қиммат беш ҳарбий самолёт рўйхати келтирилади.

1. B-2 Spirit

B-2 Spirit ҳанузгача тарихдаги энг қиммат самолёт унвонини сақлаб турибди. АҚШ ҲҲК ва Пентагон маълумотларига кўра, 1997 йилга келиб, дастурнинг умумий қиймати 21 та самолёт учун 44,75 миллиард долларга етган. Демак, битта бомбардимончининг ўртача харид қиймати тахминан икки миллиард долларга тенг.

Ҳаво кучлари инфляцияни ҳисобга олган ҳолда расмий янгиланган рақамларни эълон қилмагани учун таҳлилчилар, одатда, айнан шу ҳужжатлаштирилган “икки миллиард долларни” асос қилиб олади. Жами 21 дона B-2 Spirit қурилган, шулардан 19 таси ҳозиргача сафда қолмоқда.

2. VC-25B Air Force One

VC-25B – давлат раҳбари учун мўлжалланган самолёт. Бу ҳарбий мақсадларда яратилган энг қиммат самолётлардан бири ҳисобланади.

Фото: Getty Images

2018 йили АҚШ ҲҲК Boeing компанияси билан икки дона 747-8 йўловчи самолётини янги авлод Air Force One’га айлантириш учун 3,9 миллиард долларлик шартнома тузди. Инфляция ва ортиқча харажатларни ҳисобга олган ҳолда, ҳар бир самолётнинг ҳақиқий қиймати 2–2,5 миллиард доллар атрофида баҳоланади – бунинг устига эксплуатация (учириш, техник хизмат, модернизация) харажатлари бунга кирмайди.

3. B-21 Raider

B-21 Raider – ушбу рўйхатда ҳали тўлиқ ишлаб чиқилмаган, лекин шунга қарамай, аллақачон энг қиммат ҳарбий машиналар қаторига кириб улгурган ягона самолёт бўлиб.

Фото: USAF

АҚШ ҲҲК битта самолётни харид қилиш учун мўлжалланган ўртача нархни 2022 йил нархида тахминан 692 миллион долларга белгилаган. Очиқ манбалардаги баҳолашларга кўра, инфляция ва қўшимча харажатларни ҳисобга олганда, амалий қиймат бир самолёт учун тахминан 750–800 миллион доллар атрофида бўлади.

Бу, албатта, бир дона B-2 билан солиштирганда арзонроқ, лекин режалаштирилган харид ҳажми — камида 100 та самолёт (кейинчалик тахминан 145 тагача ошиши мумкин) — бу суммани янада ҳайратомуз даражага олиб чиқади.

4. F-22 Raptor

Агар илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишлари, шунингдек инфратузилма харажатлари ҳам ҳисобга олинса, ҳар бир F-22 учун умумий қиймат тахминан 350–360 миллион долларни ташкил этган. Бу рақам 67,3 миллиард долларлик умумий дастур бюджети ва 195 дона самолёт тақдим этилгани ҳисобидан чиқарилади.

Фото: US Air Force

Бу F-22 Raptor’ни тарихдаги энг қиммат қирувчилардан бирига айлантиради ва бир вақтлар режалаштирилган 750 та самолётлик партия нега деярли тўрт бараварга қисқартирилганини тушунтиради. Бугунги кунда АҚШ ҲҲК тахминан 180 та F-22 Raptor’га эга.

5. F-35 Lightning II

F-35 йиғиш (ишлаб чиқариш) қиймати бўйича энг қиммат самолёт эмас, бироқ шубҳасиз, тарихдаги энг қиммат қуролланиш дастури ҳисобланади.

Фото: US Air Force

АҚШ Ҳисоб палатаси маълумотларига кўра, F-35 дастурининг бутун ҳаётий цикли қиймати – яъни ишлаб чиқиш, харид, эксплуатация ва хизмат кўрсатишни ҳисобга олган ҳолда – 2070 йилга бориб 1,7 триллион доллардан ошиб кетади. Бу рақам АҚШ учун режалаштирилган бутун паркка бўлинганда, ҳар бир самолётга ўртача 400 миллион доллардан ортиқ “умрбод” қиймат тўғри келади. Бу F-35’ни тарихдаги энг қиммат жанговар самолётлар қаторига ишончли тарзда жойлаштиради.

Бевосита йиғиш нархи вариантга қараб 80–120 миллион доллар миқдорида ўзгариб туради. F-35’нинг 1000 дан ортиқ нусхаси аллақачон АҚШ қуролли кучларининг учта турига ва 20 дан ортиқ ҳамкор давлатларга етказиб берилган. Ишлаб чиқариш камида 2040-йилларгача давом этиши кутилмоқда.

https://naked-science.ru/community/1139581

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид