Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши қатор тезкор тадбирлар ўтказилди.

Хусусан, Сурхондарё вилоятининг Термиз туманида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган дала майдонида номаълум шахслар томонидан қолдириб кетилган 4 кг гашиш моддаси аниқланди. Ҳолат процессуал тартибда расмийлаштирилди.

Шунингдек, ДХХнинг Жиззах вилояти бўйича бошқармаси ва ички ишлар органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Зарбдор туманида яшовчи, 1981 йилда туғилган шахс Жиззах шаҳрида тўхтатиб текширилди.

Текширув давомида унинг ёнидаги хўжалик қопидан 4 кг 840 грамм каннабис ўсимлиги топилиб, ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шунингдек, мазкур қонунбузарликларга алоқадор шахсларни аниқлаш бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда.