Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ХОҚ РФ ва Беларус ёшлари учун қўйилган чекловларни бекор қилди
Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) РФ ва Беларусдан бўлган ўсмирларга ўз мамлакатларининг байроқлари ва мадҳиялари билан мусобақаларда қатнашишга рухсат беришни тавсия қилди. Ушбу мамлакатлар ҳукуматларига нисбатан жорий этилган санкциялар эса ўз кучида қолдирилди.
Фото: REUTERS
Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) спорт федерацияларига россиялик ва беларуслик спортчиларга ёшлар (ўсмирлар) ўртасидаги мусобақаларда — индивидуал ҳамда жамоавий спорт турларида иштирок этишга рухсат беришни тавсия қилди. ХОҚ ижроия қўмитасининг тегишли қарори пайшанба куни, 11 декабр, Лозаннада бўлиб ўтган Олимпия саммити томонидан қўллаб-қувватланди.
ХОҚда билдирилишича, юниорлар иштирок этадиган турнирларда, агар миллий федерация “яхши обрў-эътиборга эга” бўлса, байроқлар, мадҳиялар, форма ва бошқа элементлар бўйича “стандарт протоколлар” ҳам қўлланиши керак. Таъкидланишича, спорт ташкилотларига ушбу тавсияларни амалга ошириш учун вақт талаб этилади, бироқ уларни 2026 йилда Сенегалнинг Дакар шаҳрида бўлиб ўтадиган ёзги ёшлар Олимпия ўйинларидан қўллаш бошланиши кутилмоқда.
“Бугунги Олимпия саммити спортчилар, айниқса ёш спортчилар, ўз ҳукуматларининг ҳаракатлари учун жавобгар бўлмаслиги кераклигини тан олди”, — дейилади ХОҚ баёнотида. Шу билан бирга, қўмита спортчилар “Олимпия ҳаракатининг бирлик ва тинчликни илгари суриш миссиясини қўллаб-қувватлаши” лозимлигини урғулади. Бунга қарши чиққанлар четлатилиши мумкин.
ХОҚ 2022 йилдан бери амал қилиб келган — Беларусда халқаро турнирлар ўтказмаслик ҳақидаги тавсияни ҳам бекор қилди. Бу тавсия Россиянинг кенг кўламли уруши бошланганида Россия қўшинларининг бир қисми Беларус ҳудудидан Украинага кириб келганидан сўнг жорий этилган эди. Бироқ ХОҚда қайд этилишича, халқаро федерациялар ҳали ҳам Россияда спорт тадбирларини ўтказиш ва қўллаб-қувватлашдан тийилиши керак.
Ташкилот, шунингдек, РФ ва Беларус ҳукуматларига нисбатан жорий этилган санкцияларни ўз кучида қолдирди. Хусусан, гап бу мамлакатлар мансабдорларини халқаро спорт тадбирларига аккредитация қилиш ёки таклиф этишга қўйилган чекловлар, шунингдек, улар билан учрашувлар ўтказмаслик ҳақида кетмоқда.
Қўмита россиялик ва беларуслик спортчиларнинг катта ёшдагилар ўртасидаги мусобақаларда иштирок этишига доир амалдаги чекловларни сақлаб қолди. Масалан, 2024 йил Париж Олимпия ўйинларида Россия ва Беларус спортчиларига фақат нейтрал байроқ остида иштирок этишга рухсат берилган эди — бунда улар Украинага қарши урушни фаол қўллаб-қувватламаслиги ва ўз мамлакатларининг куч тузилмалари ҳамда терма жамоалари билан боғлиқ бўлмаслиги шарт қилинган. Ўйинларнинг расмий ўтказиладиган жойларида Россия ва Беларус байроқлари ҳамда ушбу икки давлатнинг бошқа рамзларини намойиш этишга ҳам йўл қўйилмаган.
Шунга ўхшаш чекловлар 2026 йил февралда Италиянинг Милан ва Кортина-д’Ампеццо шаҳарларида бўлиб ўтадиган қишки Олимпия ўйинларида Россия ва Беларус спортчиларининг иштирок этишига нисбатан ҳам жорий этилган.
Мавзуга оид
21:58 / 22.06.2023
Боксни энди ҳеч ким бошқармайди: IBA Олимпия оиласидан четлатилди
20:13 / 03.07.2018
Умид Аҳмаджонов Халқаро олимпия қўмитаси президенти Томас Бах билан учрашди
14:00 / 08.02.2018
Халқаро олимпия қўмитаси президенти Томас Бах Тошкентга келади
00:11 / 06.12.2017