Тадбир Япония бош вазири Санаэ Такаичи раислигида ўтди. Саммитда Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ва Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳам иштирок этди.
Кун тартибида Марказий Осиё давлатлари ва Япония ўртасида “яшил иқтисодиёт” ва барқарор ривожланиш, ўзаро боғлиқлик ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, инсон ресурсларини ривожлантириш каби устувор йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Шавкат Мирзиёев нутқида Япония 20 йил муқаддам “Марказий Осиё плюс” мулоқоти ташаббускори бўлганини қайд этиб, Буюк ипак йўли давридан шаклланган савдо-маданий алоқалар, ўхшаш анъана ва қадриятлар ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштириш учун мустаҳкам асос эканини таъкидлади. Президент Япониянинг минтақанинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти, инфратузилмаси, саноат ва энергетика базасини модернизация қилиш, фан-таълим ҳамда кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлашга қўшаётган ҳиссасини юқори баҳолади.

Давлат раҳбари “Марказий Осиё + Япония” форматида ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан қатор ташаббусларни илгари сурди. Хусусан, саммитларни давлат раҳбарлари даражасида ҳар икки йилда бир марта ўтказиш таклиф қилиниб, навбатдаги учрашувлардан бирини Ўзбекистонда қабул қилишга тайёрлик билдирилди.
Шунингдек, Ўзбекистон “Марказий Осиё – Япония 2040” ҳамкорлик стратегиясини ишлаб чиқиб, ҳужжатга минтақа мамлакатларининг барқарор ривожланишига кўмаклашиш ва уларни глобал иқтисодий жараёнларга чуқур интеграция қилиш бўйича аниқ дастур ва лойиҳаларни киритиш тарафдори экани айтилди. Янги ғоя ва таклифларни ишлаб чиқиш мақсадида мамлакатларнинг етакчи таҳлил тузилмалари иштирокида Экспертлар форумини таъсис этиш муҳимлиги қайд этилиб, унинг илк мажлисини келгуси йили Тошкентда ўтказиш таклиф этилди.
Иқтисодий йўналишда Япония молия институтларининг савдо-иқтисодий ва инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлашини кенгайтириш қўллаб-қувватланиб, Марказий Осиёнинг инфратузилмаси ва саноатини ривожлантириш инвестиция жамғармасини таъсис этиш ғояси илгари сурилди. Унинг негизида “Сифатли инфратузилма” бўйича дастурни йўлга қўйиш, шунингдек, Япония технопаркларининг Марказий Осиё тармоғини — саноат кооперацияси, маҳаллийлаштириш ва технологиялар трансфери минтақавий платформасини ишга тушириш мумкинлиги таъкидланди.




















