Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Масофавий нотариат: Face-ID орқали шахсни тасдиқлаш ва видеоёзув жорий этилади
Нотариал идорага келмасдан туриб видео-конференц-алоқа режимида нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби белгиланади. Низом лойиҳасига кўра, шахсни идентификация қилиш Face-ID биометрик верификацияси орқали амалга оширилади, жараён эса видеоёзувга олиниб, ахборот тизимида сақланади.
“Нотариал ҳаракатларни видео-конференц-алоқа режими орқали амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги низом лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Низом лойиҳасига кўра, нотариал ҳаракатлар видео-конференц-алоқа режимида E-notarius.uz ахборот портали ҳамда “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали ташкил этилади. Мазкур хизматлар видео-конференц-алоқа орқали фақат Ўзбекистон фуқаролари ва юридик шахслари учун кўрсатилади.
Тартибга мувофиқ, мурожаат қилувчи электрон тармоқда шахсини тасдиқлаган ҳолда рўйхатдан ўтади, хизмат шартлари билан танишиб розилигини тасдиқлайди ҳамда амалга оширилиши сўралаётган нотариал ҳаракат бўйича маълумотларни киритади. Нотариус мурожаат келиб тушган кундан бошлаб 1 иш куни ичида ҳужжатларни ўрганиб, камчиликлар мавжуд ёки мавжуд эмаслиги ҳақида хабарнома юбориши белгиланган.
Шахсни аниқлаш жараёнида мурожаат қилувчи ҳужжат тақдим этмаган ҳолда ҳам ҳужжат реквизитлари асосида замонавий ахборот технологиялари ёрдамида идентификация қилиниб, биометрик маълумотлар (Face-ID) орқали верификация қилинади. Шу билан бирга, нотариус видеомулоқот давомида шахснинг айнан ўзи эканини тизим ёрдамида қўшимча текшириши кўзда тутилган.
Низомда видео-конференц-алоқа орқали амалга оширилган нотариал ҳаракатлар бўйича видеоёзувлар автоматик равишда ёзиб олиниши ва тизимда сақланиши, шунингдек мазкур видеоёзувлар нотариал ҳаракат тасдиқланганининг (имзоланганининг) асоси ҳисобланиши белгиланган.
Шунингдек, нотариал ҳаракат тарафлари видеомулоқот вақтида улар жойлашган жойда бошқа шахслар бўлмаслиги, муҳит шовқинсиз ва ёруғ бўлиши ҳамда видеотасвир тиниқ кўриниши талаб этилади. Зарур ҳолларда нотариус жойни 360 даража кўрсатишни сўраши мумкин.
Мавзуга оид
18:15 / 10.09.2025
2026 йилдан нотариусга шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг аслини тақдим этиш талаби бекор қилинади
17:52 / 25.02.2025
Айрим нотариал хизматлар нархи оширилди
14:41 / 25.05.2024
Давлат хизматларини кўрсатишда шахсни биометрик идентификация қилиш усули жорий этилади
11:44 / 02.05.2016