Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонга пул ўтказмалари III чоракда 18,5 фоизга ўсди
2025 йилнинг июл-сентябр ойларида Ўзбекистонга пул ўтказмалари 5,7 млрд долларни ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18,5 фоиз ўсиш кузатилди. «Жорий динамиканинг шаклланиши асосан меҳнат муҳожирларини қабул қилувчи мамлакатларда валюта курсларининг нисбатан барқарорлиги, иш ҳақининг ошиши ва иқтисодий фаолликнинг юқори суръатлари билан боғлиқ», дейилади Марказий банк шарҳида.
Фото: Patrick T. Fallon / Bloomberg
2025 йилнинг III чорагида меҳнат муҳожирлари томонидан Ўзбекистонга 5,7 млрд доллар миқдорида пул ўтказмалари амалга оширилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18,5 фоиз ўсиш қайд этилди. Бу Марказий банк томонидан эълон қилинган меҳнат бозори шарҳида келтирилади.
«Жорий динамиканинг шаклланиши асосан меҳнат муҳожирларини қабул қилувчи мамлакатларда валюта курсларининг нисбатан барқарорлиги, иш ҳақининг ошиши ва иқтисодий фаолликнинг юқори суръатлари билан боғлиқ», дейилади релизда.

III чоракда Болтиқ давлатлари ва бошқа минтақалардан (АҚШ, Россия, Европа ва Осиё минтақаларини ҳисобга олмаганда) ўтказмалар ҳажми ўсиш суръати қолган минтақаларга нисбатан юқорироқ бўлган. Хусусан, мазкур минтақалардан пул ўтказмалари 40 фоизга ўсган. Шу билан бирга, Европа, Россия ва Осиё минтақаларидан эса ўтказмалар ўсиш суръатининг секинлашиш тенденцияси давом этган.
Шарҳда келтирилишича, ташқи бозорда, хусусан Россия, Европа ва Болтиқ давлатларида кузатилаётган сўнгги тенденциялар ҳамда ишчи кучига бўлган талабнинг ўсиши пул ўтказмаларидаги жорий динамиканинг шаклланишида муҳим аҳамият касб этган. Бу, ўз навбатида, меҳнат муҳожирлари оқими йўналишлари босқичма-босқич кенгаяётганлигидан далолат беради. Сўнгги йилларда миграция йўналишлари кенгайиши асосан Осиё, Европа ва АҚШ мамлакатларида кузатиляпти. Хусусан, 2025 йил 1 октябр ҳолатига Кореядаги ўзбекистонлик резидентлар сони йил бошига нисбатан 0,4 фоизга ўсиб, 95,3 минг нафарни ташкил этган.
Мавзуга оид
16:19 / 13.12.2025
Хориждан пул ўтказмалари 11 ойда 17,3 млрд долларга етди
19:39 / 18.11.2025
Хорижда ишлаётган ўзбекистонликлар 10 ойда 15,8 млрд доллар пул юборди
20:16 / 22.10.2025
Ўзбекистонга хориждан пул ўтказмалари 24 фоизга ошди
15:13 / 26.08.2025