2026 йил биринчи ярим йилликда Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми 9,3 млрд АҚШ долларини ташкил этди ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13 фоизга ошди. Бу ҳақда Марказий банкнинг жисмоний шахсларнинг валюта операциялари шарҳида сўз боради.
Ҳисобот даврида энг кўп ўтказмалар июнь ойида қайд этилган — 2,2 млрд доллар.
«Ўзбекистонга келиб тушган пул ўтказмалари ҳажмининг ўсишига меҳнат муҳожирлари ишлайдиган анъанавий мамлакатларда ишчи кучига талаб ва иш ҳақларининг нисбатан юқори даражада сақланиб қолиши билан бир қаторда, миллий валюта курсларининг йил бошига нисбатан мўътадил тебранувчанлигига қарамасдан, умумий мустаҳкамланиши таъсир қилди», дейилади МБ шарҳида.
Регулятор меҳнат миграцияси географиясининг диверсификациялашуви давом этаётганини, бу эса ривожланган мамлакатлардан келаётган пул ўтказмалари оқимида ҳам ўз аксини топаётганини қайд этган.
Хусусан, 2026 йилнинг январь-июнь ойларида пул ўтказмалари Буюк Британиядан 62 фоизга, Европа Иттифоқи мамлакатларидан — 27 фоизга (Ирландия 86 фоиз, Литва 18 фоиз, Нидерландия 7 фоиз), АҚШдан эса 19 фоизга ўсган. Бу кўрсаткич мамлакатлар кесимида қуйидагича ўзгарган:
- Қозоғистондан — 366 млн доллардан 469 млн долларгача;
- АҚШдан — 313 млн доллардан 372 млн долларгача;
- Жанубий Кореядан — 282 млн доллардан 314 млн долларгача;
- Туркиядан — 266 млн доллардан 303 млн долларгача;
- Буюк Британиядан — 89 млн доллардан 144 млн долларгача;
- Европа Иттифоқи мамлакатларидан — 251 млн доллардан 319 млн долларгача.
Ҳисобот даврида жисмоний шахсларга келиб тушган маблағларнинг 4,3 млрд доллари (46,7 фоизи) анъанавий халқаро пул ўтказма тизимлари орқали (2025 йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш 0,3 фоиз), 4,8 млрд доллари (51,7 фоизи) хориждан жисмоний шахсларнинг банк карталарига тўғридан тўғри – P2P ўтказмалар орқали (ўсиш 32 фоиз) ҳамда 142 млн доллари (1,6 фоизи) банк ўтказмаси – SWIFT орқали (камайиш 43 фоиз) амалга оширилган.





