Жаҳон | 15:57
1720
2 дақиқада ўқилади

Ташиев Хитой компанияси ишчиларидан қирғиз тилини ўрганишни талаб қилди

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари мамлакатда қарийб 20 йилдан буён ишлаётган China Road компанияси ходимлари ҳалигача маҳаллий тилни ўрганмаганидан ҳайрон бўлган.

Фото: 24.kg

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев Хитойнинг China Road компанияси вакилларига қирғиз тилини ўрганиш бўйича топшириқ берди.

У Иссиқкўл вилоятида автомобил йўллари қурилиши бўйича ўтказилган йиғилиш вақтида Барскоон – Қоракўл йўли участкасига ким масъул эканини сўраган. China Road вакили рус тилида жавоб қайтариб, бу йўлда айнан унинг компанияси иш олиб бораётганини тасдиқлаган.

Шундан кейин Ташиев Қирғизистонда қарийб 20 йилдан бери фаолият юритаётган компания вакилларини ҳалигача давлат тилини билмаслиги учун койиган ва улардан маҳаллий тилни ўрганишни бошлашни талаб қилган.

«Нима учун ҳали ҳам қирғиз тилини ўрганмагансизлар? China Road Қирғизистонда неча йилдан бери ишлайди? 20 йил бери! Нима, қирғизча гапиришни билмайсизми? Ўрганинг!» – дейди у.

Хитойликлар вакили эса унинг сўзларини бош ирғаб маъқуллаган.

Бундан ташқари, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари 75 километрлик йўл қурилиши муддатларини муҳокама қилди. Компания вакили шартнома бўйича ишни 2028 йил 1 сентябргача якунлаш режалаштирилганини маълум қилди, бироқ ишларни муддатидан олдин – 2027 йил охиригача якунлашга ваъда берди.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид