Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Дронларга қарши янги давр: 2025 йилнинг 5 та энг кучли ҳарбий лазери
2025 йил ҳолатига кўра АҚШ, Буюк Британия, Исроил, Австралия ва Хитой ҳаво ҳужумидан мудофаа учун лазер қуролларидан фойдаланмоқда. Бу ҳарбий стратегияда жиддий силжиш ва жанговар самарадорликнинг ошганини кўрсатади.
Фото: UK MOD
Қуйида Interesting Engineering нашри талқинига кўра, 2025 йилда жанговар лазерлар соҳасидаги энг йирик бешта ишланма келтирилган.
1) АҚШ Денгиз кучларининг 400 киловаттли SONGBOW лазери
АҚШ Денгиз кучларининг SONGBOW дастури дунёда илк бор кемаларга ўрнатиладиган, қуввати 400 киловатт бўлган лазер қуролини яратишга қаратилган.
Тизим қуввати 50 киловаттдан бўлган бир нечта саноат лазерларини ягона, юқори энергияли нурга бирлаштиради. У катта масофада дронлар тўдаси, қанотли ракеталар ва бошқа юқори тезликдаги нишонларни йўқ қилишга қодир.
2) Австралиянинг дронларга қарши “қотил”и — Apollo
Австралиянинг EOS компанияси Apollo тизимини тақдим этди — у дронларга қарши курашда энг арзон ва самарали ҳарбий лазерлардан бири сифатида кўрсатилади.
Қурилманинг қуввати тахминан 150 киловатт бўлиб, у аккумуляторнинг бир зарядида 200 тагача дронни йўқ қилиши мумкин. Тизим 360 даражали айланма қопламани таъминлайди ва анъанавий ўқ-дорилардан фойдаланишни талаб қилмайди.
3) Исроилнинг Iron Beam тизими жанг майдонига чиқмоқда
Исроил, даъво қилинишича, “дунёдаги илк жанговар лазер”ни — ер устидаги Iron Beam тизимини жойлаштирган. У бир неча сония ичида дронлар, ракеталар ва миномёт снарядларини йўқ қилишга қодир.
Iron Beam Исроилнинг ҳаво мудофааси тизимига киритилган бўлиб, айниқса оммавий ҳужумлар пайтида ракета мажмуаларига нисбатан анча арзон нархда таҳдидларни тутиб қолиш имконини беради.
4) Буюк Британиянинг DragonFire лазери
Буюк Британия DragonFire лазер тизимини синовдан ўтказди ва унга буюртмалар берди. Тестлар вақтида лазер дронларни муваффақиятли равишда нишонга олган.
Бир “ўқ узиш” қиймати тахминан 10 фунт стерлинг деб баҳоланади. Тизимнинг аниқлиги эса 1 километр масофада тангача келадиган ўлчамдаги нишонни уриш имконини беради. Бу DragonFire’ни Буюк Британия Денгиз кучлари ва қуруқлик қўшинларини келгусида жиҳозлаш учун жуда жозибадор қилади.
5) Хитойнинг АҚШ лазерларидан устун бўлишга қаратилган ставкаси
Хитой LY-1 лазер тизимини тақдим этди ва у Американинг ўхшаш ишланмаларидан, жумладан паст парвоз қилувчи нишонлар ҳамда дронларни йўқ қилишга мўлжалланган ELIOS тизимларидан устун эканини маълум қилди.
Хитой Халқ-озодлик армияси Денгиз кучлари кемаларига жойлаштирилган ва қуруқликдаги синовлардан ўтган бу лазерлар АҚШ ва Хитой ўртасидаги кенгроқ қуролланиш пойгасининг бир қисмига айланган — мақсад юқори қувватли, аниқ ва нисбатан арзон йўналтирилган энергия асосидаги мудофаа воситаларини яратиш.
2025 йилдаги ишланмалар шундан далолат берадики: юқори қувватли, юқори аниқликка эга ва нисбатан арзон лазер қуроллари энди футуристик ғоя эмас. Улар тез суръатда дронлар ва бошқа ҳаво таҳдидларига қарши курашнинг стандарт воситасига айланиб бормоқда.
Мавзуга оид
14:49 / 27.06.2025
БМТ: Дронлар Украинадаги урушда тинч аҳолини тобора кўпроқ нишонга олмоқда
14:58 / 01.09.2021
Дронда овқат ташиш ва бошқалар: Европанинг 2021 йилги асосий стартаплари
19:45 / 09.02.2019
Германия ҳукумати дронлардан ҳимояланиш учун янги тизимлар сотиб олади
16:32 / 11.08.2018