Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Маҳаллий ҳокимият органларининг ваколатлари аниқлаштирилди
Янги қабул қилинган қонун билан айрим қонун ҳужжатларига маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ваколатларини аниқлаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.
Мазкур қонунга мувофиқ, маҳаллий даражадаги бошқарув органларининг айрим йўналишлардаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ белгилаб қўйилди. Хусусан, “Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисида”ги қонунга киритилган қўшимчаларга кўра, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ваколатларига бекатлар, тўхтаб ўтиш ва диспетчерлик манзиллари ҳамда бошқа объектларни жойлаштириш, қуриш ва ободонлаштириш масалаларини ҳал қилиш киритилди.
Шунингдек, аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш бўйича шаҳар йўловчилар транспортини бошқариш органи билан шартнома тузиш, транспорт ҳаракатини ташкил этиш режасини ишлаб чиқиш ҳамда йўловчилар ташиш хизматлари сифати устидан назорат олиб бориш маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ваколатлари сифатида белгиланди.
Қонун билан маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари автомобиль транспортини ривожлантириш бўйича комплекс минтақавий дастурларни тасдиқлаши ва улар ижроси устидан назоратни амалга ошириши ҳам назарда тутилди. Бундан ташқари, маҳаллий бюджетларнинг ёнғин хавфсизлиги, жумладан ёнғиндан сақлаш хизмати таъминоти харажатларига оид қисми ҳам вакиллик органлари томонидан тасдиқланиши кўзда тутилди.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.