Эрондаги намойишлар оммавий тўқнашувларга айланиб боряпти. Доналд Трамп эса намойишчиларга ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилди. 28 декабр куни иш ташлаш билан бошланган ҳаракатлар қисқа вақтда мамлакатни қамраб олган йирик намойишларга айланиб кетди. Диктаторга ўлим дея ҳайқирилган акцияга талабалар ҳам қўшилди. Kun.uz’нинг “Геосиёсат” дастурида Яқин Шарқ масалалари бўйича экспертлар мавзу юзасидан ўз фикрларини билдирди.

Биби ва Трамп учрашувининг Эрондаги воқеаларга боғлиқлиги бўлиши мумкинми?

Фазлиддин Мадиев: 28 декабрдаги намойишлар асосан электротехника маҳсулотлари сотиладиган бозорлардан бошланди. Бунга асосий сабаб инфляциянинг кескин ошгани бўлди. Валюта тебраниши нархлар барқарорлигига кучли таъсир кўрсатди ва норозилик кайфиятини кучайтирди. Нетаняҳу ва Доналд Трамп ўртасидаги учрашув бу жараёнларга таъсир қилдими, деган савол табиий. Бу учрашувнинг сиёсий фонини инобатга олсак, таъсири сезиларли бўлганини инкор этиб бўлмайди. Чунки Исроилнинг кейинги стратегик ҳаракатлари, минтақавий ўраб олиш сиёсати ва босимни кучайтириши Эрон ҳамда Туркияга қаратилганини Трампнинг баёнотларидан ҳам англаш мумкин. Эрондаги вазият эса аввалги норозиликлардан маълум даражада фарқ қилмоқда. Расмий матбуот ва интернет нашрлари ўртасида ёндашувлар кескин фарқланмоқда: ижтимоий тармоқларда янада радикал ва кескин чақириқлар тарқалмоқда. Айрим намойишчиларнинг “режим кетиши керак” ёки ҳатто монархия қайтишини талаб қилувчи шиорлар билан чиқиши ҳам шундан далолат беради. Бироқ бу сафарги намойишларнинг муҳим жиҳати шундаки, ҳукумат норозиликнинг асосий сабабини очиқ тан олди. Президент Пизишкиён иқтисодий инқироз ҳукумат масъулияти эканини эътироф этиб, вазиятни имкон қадар тўғрилашга ваъда берди. Бу баёнот аввалги намойишлардан тубдан фарқ қилади. Илгари барча норозиликлар Ғарбнинг аралашуви билан изоҳланган бўлса, энди ҳукумат бундай тушунтиришлар жамоатчиликка таъсир қилмаётганини англаган кўринади. Шу жиҳатдан, бу ҳолат Эрон учун муҳим ва ижобий сигнал сифатида баҳоланиши мумкин.

Шавкат Икромов: Катта эҳтимол билан Вашингтондаги учрашувлар намойишлар билан бевосита боғлиқ эмас. Чунки Эрон жамиятининг тузилиши ва сиёсий режими ташқи томондан кўринганидан анча мураккаб. Эронда оммавий намойишларни юзага келтириш учун ташқи кучларнинг таъсири ўзи етарли бўлмайди. Жамият иерархияси шунчалик мураккабки, агар эронликларнинг ўзи ичкаридан бунга тайёр бўлмаса, уларни ташқи омиллар орқали кўчага олиб чиқиш деярли имконсиз. 2009, 2019 ва 2022-йиллардаги норозилик намойишларида ҳам Эрон ҳукумати ташқи кучлар аралашуви ҳақида баёнотлар берган, айрим ҳолларда АҚШ ёки Исроил намойишчиларни қўллаб-қувватлаётгани таъкидланган. Бироқ Эрон жамиятини чуқур ўрганган мутахассислар ва мамлакатдаги давлат тизимини яхши биладиганлар бир нарсани аниқ айтади: эронликларни фақат ташқи таъсир орқали кўчага чиқариш осон эмас. 2025 йил декабр ойининг охирги ҳафталарида бошланган намойишлар ҳам айнан ички омиллар билан боғлиқ. Бу сафар норозиликлар анъанавий тарзда фаоллар ёки талабалар томонидан эмас, балки бозор савдогарлари ва дўкон эгалари томонидан бошланган. Улар юқори инфляция, аҳолининг харид қобилиятининг кескин пасайиши ва бунинг оқибатида савдонинг тўхтаб қолганидан норози бўлишди. Дастлаб бозорларда бошланган норозиликлар кейинчалик бошқа ҳудудларга тарқалди, кичик шаҳарларга ва айрим қишлоқларга ҳам етиб борди. Шунга қарамай, бу намойишлар кенг кўламли ёки инқилобий тус олган деб айтиш қийин. Намойишлар ҳануз тўлиқ бостирилмаган ва ҳозир ҳам Эроннинг турли ҳудудларида давом этмоқда. Муҳими шундаки, дастлаб иқтисодий талаблардан бошланган норозиликлар вақт ўтиши билан сиёсий мазмун касб эта бошлади. Намойишчилар томонидан янграётган “На Ғазо, на Ливан — жонимиз Эрон учун” деган шиорлар шуни кўрсатадики, жамият ички иқтисодий муаммолар фонида ҳукуматнинг ташқи сиёсатидан, хусусан Эрон ташқарисидаги прокси кучларни молиялаштиришидан тобора кўпроқ норозилик билдирмоқда.