Лас-Вегас суди жиноят оламида «Киффи Ди» лақаби билан танилган 63 ёшли Дуэйн Дэвисни 1996 йилда рэпер Тупак Шакур ўлдирилиши иши бўйича умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди. Август ойи охирида суд уни мазкур ишда айбдор деб топганди.
Ҳукмга кўра, Дэвис 40 йилгача муддатидан олдин шартли озодликка чиқаришни сўраш имкониятига эга бўлмайди.
«Уч йил мобайнида мен сиздан бир гапнинг турли вариантларини эшитиб келдим: „Ҳа, мен бунга алоқадор эдим. Лекин энди мен бошқа одамман. Ўтмишни ортда қолдирдим. „Комптон“ни тарк этдим. Энди мен бобоман“», – деди судя Карли Кирни ҳукмни ўқиб эшиттирар экан.
«Сиз бировни оиласидан тортиб олишга ҳақли эмасдингиз. Уни ҳаётдан, бутун келажагидан маҳрум қилиб, кейин ҳеч нарса бўлмагандек, шунчаки кетишга ҳаққингиз йўқ», – деган у айбланувчига юзланиб.
Шов-шувли иш
Тупак Шакур – 1990-йилларнинг энг машҳур рэперларидан бири бўлган. У 1996 йил 7 сентябр куни, 25 ёшида қотиллик қурбони бўлган. Ўшанда у мусиқа магнати Мэрион «Шуг» Найт билан бирга унинг машинасида тунги клубга кетаётганида ён томондан ўтаётган «Кадиллак»дан туриб ўққа тутилган. 13 сентябр куни шифохонада вафот этган, «Шуг» омон қолган.

Ушбу қотиллик кўп йиллар давомида АҚШдаги энг шов-шувли очилмаган ишлардан бири бўлиб қолади. Ҳуқуқ-тартибот идоралари аввалбошдан қотиллик рақобатчи тўдалар ўртасидаги жиноий тортишув натижаси эканини тахмин қилган, бироқ ўнлаб йиллар давомида кимгадир айблов қўйиш учун етарли далиллар бўлмаган.
Дуэйн Дэвис – Crips тўдасининг Комптондаги (Лос-Анжелеснинг чекка ҳудуди) бўлимининг (South Side Compton Crips) собиқ бошлиғи бўлган. Тупакка продюсерлик қилган «Шуг» Найт эса ушбу жиноий тўданинг рақобатчиси ҳисобланган Mob Piru Bloods гуруҳига алоқадор эди.
Дэвис 1996 йилдаёқ Тупакнинг ўлдирилиши бўйича ишда сўроқ қилинган Орландо Андерсоннинг амакиси эди: полициячилар Андерсонни қотилликни содир этишда гумонлашган, чунки воқеадан бир неча соат олдин клублардан бирида у ва Тупак ўртасида зиддият келиб чиқиб, рэпернинг тан соқчиси уни калтаклаганди. Андерсонга расмий айблов қўйилмайди, у 1998 йилда отишмада ҳалок бўлади.
















