Қарорга мувофиқ, “Фарғона” туристик-рекреацион зонаси (туристик зона) ҳудуднинг туризм салоҳиятини ошириш, сервис хизматларини кенгайтириш ва янги иш ўринлари яратишга қаратилган лойиҳаларни бир тизимда йўлга қўйиш учун ташкил этилади. Туристик зона 30 йил муддатга таъсис этилиб, кейинчалик унинг фаолият муддатини узайтириш имконияти ҳам назарда тутилган.
Ҳужжатда агротуризм йўналишига алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, Фарғона туманида “Водил” малина агротуризм кластерини туристик объектга айлантириш учун зарур инфратузилма яратиш белгиланган. Бу жараёнга салоҳиятли тадбиркорларни жалб этган ҳолда, малина боғлари (плантациялари) ҳудудида енгил конструкцияли хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, 2026–2027 йилларда Ёзёвон туманида Марказий Фарғона сув омбори атрофидаги ер майдонларида туризм хизматларини ташкил этиш орқали иш ўринлари яратиш режалаштирилган. Бу ҳудудларда дам олиш, хизмат кўрсатиш ва туризм инфратузилмасини босқичма-босқич шакллантириш мақсад қилинган.
Қарорда яна бир муҳим йўналиш сифатида Фарғона туманидаги “Саноат” ва “Ҳосилот” МФЙ ҳудудларида хорижий мамлакатларнинг ижобий тажрибаси асосида малина плантацияларини ташкил қилиш, музлаткичлар ҳамда чуқур қайта ишлаш цехларини қуриш орқали агротуризм хизматларини йўлга қўйиш белгиланган.
Мазкур ташаббуслар ҳудудда туризм ва агросаноат кооперациясини кучайтириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда маҳаллий аҳоли бандлигини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.







